«Коммерсантъ» нашрининг Контур.Фокус сервисига таяниб ёзишича, 2025 йилнинг биринчи ярмида Россияда 805 та янги маросим агентликлари, жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар рўйхатдан ўтган. Бу ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 16 фоизга кўп.
Энг кўп янги компаниялар Москва областида қайд этилган — 57 та (йиллик ўсиш 33 фоиз), Краснодар ўлкасида эса 42 та компания рўйхатдан ўтган (ўсиш — 22 фоиз). Росстат маълумотларига кўра, жорий йилнинг январ–апрел ойларида Россияда маросим хизматлари бозори 12,7 фоизга ўсиб, 39,5 млрд рублга етган.
Маросимларни ўтказиш бўйича хизмат соҳаси вакиллари бу ўсишни фақат уруш йўқотишлари билан боғламайди. Ассоциация президенти Алексей Сулоевнинг таъкидлашича, бизнеснинг маржиналлик даражаси ошган — базавий хизматлар қимматлашган, айрим мижозлар эса кенг қамровли, «калит билан топшириш» туридаги хизматларга тайёр. Улар қаторига кремация, мемориал маҳсулотлар, жасадларни узоқ масофага ташиш кабилар киради.
Дафн қилиш ташкилотлари ва крематорийлар уюшмаси раҳбари Елена Андреева айтишича, кўп россияликлар давлат томонидан кафолатланган хизматлар рўйхати орқали дафн маросимини ўтказишни сўрашмоқда. Бу — давлат ҳисобидан қарийб базавий хизматлар тўпламини ўз ичига олади.
Бошқа томондан, The Economist ҳисоб-китобига кўра, фақат 1 майдан 9 июлгача Россия қуролли кучлари 31 мингга яқин жангчи йўқотган бўлиши мумкин. АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам 2025 йил бошидан бери Россия 100 минг аскарини йўқотганини маълум қилган. Уруш бошидан буён Россиянинг умумий йўқотишлари 900 мингдан 1,3 миллионгача деб баҳоланмоқда, шундан 190 мингдан 350 минггачаси — қайтмас йўқотишлар.
Шу билан бирга, Медиазона ва BBC тўплаган маълумотларга кўра, жорий йилда фронтда ҳалок бўлган россияликлар сони ҳақидаги номма-ном маълумотлар камайган. Бу эса минтақаларда расмий маълумотларни эълон қилиш тўхтагани билан изоҳланмоқда.