«Салимбойвачча»ни молиялаштирган собиқ ИИВ ходими қўлга олинди

24.07.2025 22:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ Ички ишлар вазирлиги ходими Жалил Атамбаевни ҳибсга олди. У уюшган жиноий гуруҳ фаолиятини молиялашда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар берди.

SalimboyvachaФото: kun.uz

Жалил Атамбаев 2024 йил август ойида илк бор қўлга олинган. У турли раҳбарлик лавозимларида, жумладан, Ўш шаҳридаги халқаро аэропортнинг транспорт бўлими бошлиғи сифатида ишлаган. Бизнесини кенгайтириш мақсадида у Салим Абдувалиев билан алоқа ўрнатган ва уюшган жиноий гуруҳ фаолиятини молиялаштирган.

У билан бирга Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Салайдин Айдаров ҳам ҳибсга олинган.

2024 йил декабрида Жалил Атамбаев қамоқдан озод қилиниб, тергов давомида ўз яшаш жойини тарк этмаслик шартига рози бўлган. Бироқ кейинчалик у бир неча бор тергов органлари чақирувига келмаган ва ўз мажбуриятларини бажармаган.
Шу боис, Бишкекнинг Октябр тумани суди унинг қамоққа олинишини қайта тиклаган ва Жалил Атамбаев Қирғизистон Республикаси Миграция қўмитасининг 21-сонли муассасасига жойлаштирилган.