Шаҳноза Мирзиёева: «зўравонликни «тасодиф» деб баҳолаш мумкин эмас»

24.07.2025 10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева болаларга зарар етказган шахсларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, зўравонликни «тасодиф» деб қабул қилиб бўлмайди — бу доим катталарнинг онгли танловидир ва уни тўхтатиш ҳам онгли қарор бўлиши керак.

Shahnoza shavkatovna

Мирзиёева Instagram саҳифасида ёзганидек, бола ҳимояси унинг илк нафасидан бошлаб, мутлақ ва кафолатли бўлиши лозим. Бунда ҳеч қандай шарт-шароитлар, баҳоналар ёки енгиллаштирувчи ҳолатлар бўлмаслиги керак.

Айни пайтда Ижтимоий ҳимоя агентлиги болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш мақсадида бир қатор тизимли ислоҳотларни бошлади. Жумладан, Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартириш киритиш таклифи билан чиқилган. Бу ўзгартиришлар болаларга зўравонлик қилганларга нисбатан энг оғир жазоларни қўллаш имконини беради.

Бу ташаббус доирасида Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакилларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳ тузилди. Ушбу гуруҳ жазо чораларини кучайтириш, болалар билан ишлаш ҳуқуқини умрбод чеклаш ва жавобгарликни таъминловчи ягона протоколларни жорий этиш устидан иш бошлади.

Расмий маълумотларга кўра, 2024 йил давомида Ўзбекистонда болаларга нисбатан 2,4 мингдан ортиқ зўравонлик ҳолати қайд этилган. Улар орасида:
412 та ҳолат — жинсий,
1 028 та — жисмоний,
929 та — психологик босим,
14 та — эксплуатация ҳолати
106 та — катталарнинг бефарқлиги билан боғлиқ бўлган.