Ер қаъридаги қонунбузарликни фош этганлар мукофотланади

24.07.2025 10:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Ер қаъридан фойдаланишдаги қонунбузарлик ҳақида хабар берган фуқаролар энди пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Ҳукуматнинг янги қарорига кўра, видео-далиллар асосида “Геомониторинг” тизими орқали мурожаат қилган шахсларга БҲМнинг бир бараваригача пул мукофоти тўланиши мумкин.

Naqd pulФото: Kun.uz

2025 йил 22 июл куни Вазирлар Маҳкамаси “Ер қаъридан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари ҳақида хабар берган жисмоний шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги 457-сонли қарорни қабул қилди.

Қарорга асосан, шахслар видеотехника воситалари орқали ер қаъри билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатларини тасвирга олиб, “Геомониторинг” ахборот тизими орқали Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясига юбориши лозим.

Юборилган материалларда қонунбузарлик ҳолати, уни содир этган шахс тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса), воқеа содир бўлган жой, сана ва вақт аниқ кўрсатилиши шарт. Материаллар 15 иш куни ичида кўриб чиқилади.

Фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш ёки ташиш ҳолатлари бўйича хабар берган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан БҲМнинг 1 баравари миқдорида рағбатлантирилади. Минерал хомашёни қайта ишлаш каби бошқа ҳуқуқбузарликлар учун эса жарима миқдорининг 5 фоизи тўлаб берилади.

Бу орқали нафақат фуқароларнинг фаоллиги ошиши, балки геологик ресурсларни муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратининг кучайиши кутилмоқда.