1 августдан ўзбекистонликлар ҳаётида нималар ўзгаради?

21:20 | 17 дақиқада ўқилади.

1-августдан ўзбекистонликлар ҳаётига янги қонунлар кириб келади! Ярим йиллик сукунат ортда қолади — энди иш ҳақи ва пенсиялардан тортиб, кредитлар, мактабга кўчириш, мусобақалар ва ҳатто электр тўловлари тизимигача ўзгармоқда. Қуйидаги рўйхатда сиз нима ўзгаришлар бўлишини аниқ ва тушунарли шаклда билиб оласиз.

1 avg

Мебелчиларга халқаро сертификат олиш харажати қоплаб берилади

Ўзбекистонда 2025 йил 1 августдан маҳаллий мебель технологлари учун ривожланган хорижий мамлакатлардаги нуфузли ташкилотларнинг соҳага тегишли бўлган малака сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Шунингдек, 2025 – 2028 йилларда қуйидаги мақсадларга эришиш белгиланди:

  • маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 30 фоизга ошириш;
  • экспорт ҳажмини $100 млнга етказиш;
  • 50 минг фуқаро бандлигини таъминлаш.

 

Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар 10 фоизга оширилади

 

Шавкат Мирзиёев фармони билан Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни 10 фоизга оширилади. 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар, нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари қуйидаги миқдорларда бўлади:

 

  1. Ёшга доир энг кам пенсия 918 минг сўм, ногиронлик пенсияси 1 млн 12 минг сўмни ташкил этади.

 

  1. Кам таъминланган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:
  • 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун — 360 000 сўм,
  • 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун — 275 000 сўм,
  • оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча — 165 000 сўм;
  • оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча — 110 000 сўм;
  1. Кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори 420 000 сўм этиб белгиланди.

2025 йил 1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори ҳам 10 фоизга оширилиши белгиланди. Яъни, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори амалдаги 1 млн 155 минг сўмдан 1 млн 271 минг сўмга оширилди.

 

Мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган маблағлар Давлат бюджети ҳамда Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Давлат хизматчиларининг жисмоний фаоллиги оширилади

2021 йил 1 январдан бошлаб, барча давлат органлари ва ташкилотларида:

  • меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш бўйича ходимга «Спорт тарғиботчиси» қўшимча вазифаси юкланиб, унинг иш ҳақига 20 фоиз устама белгиланади;
  • ҳафтада камида бир марта, иш вақтидан сўнг раҳбар ва барча ходимлари жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари (югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқалар) билан шуғулланиши йўлга қўйилади;
  • ҳар шанба соат 14:00 дан кейин куни ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади. Бунда, мусобақалар байрамона руҳда, «шоу» кўринишида ўтказилишига, ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантирилишига алоҳида эътибор қаратилади;
  • тренажёр зали, «Workоut» майдончаси, спорт майдончалари ва хоналари, спорт машғулотлари ва мусобақаларини молиялаштириш давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда бошқа қонуний манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
  • биринчи раҳбарларга «шахсий намуна» тамойили асосида ўзларининг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражаси, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш) яхшилаш орқали ходимларнинг антропометрик кўрсаткичлари яхшиланишига қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш топширилди.

 

Электр учун тўловлар чиқинди хизмати тўловига боғланади

2025 йил 1 августдан бошлаб, Ўзбекистонда электр энергияси тўловлари маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун тўлов билан боғланади.

Янги тартибга кўра, ҳар ойнинг 3-кунигача чиқинди хизмати учун қарздорлик «Тоза макон» тизимидан «Ҳудудий электр тармоқлари»га ўтказилади. 5-кунигача абонентлар 2100 рақамидан SMS олади ва қарзни 5 кун ичида тўлашлари керак.

Акс ҳолда, электр энергияси учун тўлов вақтинча тўсилади. Қарз тўлиқ ёпилганда, чеклов автоматик бекор қилинади.

Бу тартиб фақат 2025 йил 1 июлдан кейин юзага келган қарзларга тааллуқли. Ҳисоб-китоблардаги хато учун санитария корхоналари жавобгар, хизмат кечикса ёки кўрсатилмаса, қайта ҳисоб қилинади.

 

Ерости бойликларини ноқонуний қазиганлар ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади

Ҳукуматнинг 457-сонли қарорига асосан, ер қаъридан фойдаланиш қоидаларини бузганлар ҳақида хабар берган фуқаролар рағбатлантирилади. Бу учун улар ҳуқуқбузарлик ҳолатини фото ёки видео орқали қайд этиб, “Геомониторинг” тизими орқали тегишли инспекцияга юборишлари керак.

Материалларда содир этилган ҳуқуқбузарлик, шахс ва жой тўғрисидаги маълумотлар акс этган бўлиши шарт.

Хабарлар 15 иш кунида кўриб чиқилади. Тасдиқланган ҳолатлар учун қуйидаги тартибда пул мукофоти берилади:
– ноқонуний норуда қазиш ҳолатларида – БҲМнинг 1 баравари;
– бошқа ҳуқуқбузарликлар учун – жариманинг 5% қисми.

Мўғулистондан чорва моллари олиб кирувчиларга имтиёз берилади

 

2025 йил 1 августдан 2027 йил 31 декабргача Мўғулистондан чорва олиб кирувчи тадбиркорларга ҳаво транспорти харажатларининг 50 фоизи давлат бюджетидан қоплаб берилади. Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича тўловларни кечиктириб тўлаш имконияти тақдим этилади. Бу муддат давомида фоиз ҳисобланмайди ва гаров талаб этилмайди.

 

Портловчи ва заҳарли моддалар айланмасига талаблар кучайтирилди

 

2025 йил 1 августдан Ўзбекистонда портловчи ва заҳарли моддалар билан ишлаш учун лицензия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда берилади. Бу моддаларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва ташишда 5 та давлат идорасининг талабларига риоя этиш шарт бўлади.

Жумладан, Экология вазирлиги, ИИВ, ЙҲХХ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ФВВ томонидан белгиланган меъёрларга амал қилиш талаб этилади. Бу меъёрлар атроф-муҳит муҳофазаси, махсус транспортда ташиш, санитар ҳимоя масофалари ва хавф даражалари бўйича белгиланади.

Ҳукумат мазкур соҳадаги фаолиятни қатъий тартибга солиш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида тегишли чора-тадбирлар режасини ҳам тасдиқлади.

Давлат хизматларига қабул қилишда янги тартиб жорий этилади

Энди давлат фуқаролик хизмати лавозимларига танловлар ягона тартибда ва очиқ шаклда ўтказилади.

Қонунчиликка киритилган ўзгаришларга кўра, барча бошқарув ва ёрдамчи лавозимлар бўйича танловлар «Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлар портали» орқали амалга оширилади.

Тест синовлари махсус хонада ёки онлайн проқторинг тизими орқали «синов модул» ёрдамида ўтказилади.

Ҳокимлик ходимларининг иш ҳақи оширилади

2025 йил 1 августдан бошлаб барча вилоят ва туман ҳокимликлари ходимларининг иш ҳақи оширилади.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда 16 июн куни ўтказилган йиғилишда маълум қилган. Шунингдек, иш самарадорлигига қараб устама ва бонуслар ҳам жорий этилади.

Ёшлар учун хорижий тил марказларига фоизсиз кредит берилади

Олис ҳудудларда тил ўргатиш маркази очмоқчи бўлган ёшларга 131,8 млн сўмгача фоизсиз кредит ажратилади.

Кредит 3 йилгача, шу жумладан 6 ойлик имтиёзли муддат билан берилади. Ариза берувчи C1 даражадаги амалдаги тил сертификатига эга бўлиши ва ўқувчиларнинг камида 20 фоизини «Ёшлар дафтари»даги ёшлар ташкил этиши шарт.

Кредитни якка тадбиркорлар ёки ёшлар ташкил этган юридик шахслар олиши мумкин.

Айрим оилаларга хусусий боғча харажатларининг бир қисми қоплаб берилади

2025 йил 1 августдан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар хусусий боғчаларга бола берганида, тўловларнинг 40 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Бу тартиб давлат мактабгача таълим ташкилотлари тўғрисидаги низомга киритилган ўзгаришлар асосида амалга оширилади.

Ўқувчиларни бошқа мактабга кўчириш қайта бошланади

2025 йил 1 августдан ўқувчиларни бир мактабдан бошқасига кўчириш хизмати қайта фаолият бошлайди.

Бу жараён ёзги таътил давомида вақтинча тўхтатилган эди. Эндиликда ота-оналар фарзандини бошқа мактабга кўчириш учун онлайн ариза топширишлари мумкин.

Хизмат avvalgidek erp.maktab.uz платформаси, давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz орқали амалга оширилади.

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик йчун жарималар 10 фоизга ошади

Базавий ҳисоблаш миқдори оширилиши сабабли, 1 августдан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори ҳам ошади:

  • Хавфсизлик камарини тақмаслик: 206 минг сўм;
  • Техник кўрик йўқлиги ёки дори қутичаси бўлмаслиги: 206 минг сўм;
  • Ҳужжатларсиз автомобиль бошқариш: 412 минг сўм;
  • Суғуртасиз автомобиль бошқариш: 412 минг сўм;
  • Қизил чироққа ўтиш: 824 минг сўм;
  • Нотўғри жойда тўхташ ёки парковка: 824 минг сўм;
  • Ҳайдаш вақтида телефон ишлатиш: 1 млн 236 минг сўм;
  • Давлат рақамлари йўқлиги: 2 млн 060 минг сўм;
  • Тезликни 20 км/соатгача ошириш: 412 минг сўм;
  • Тезликни 20–40 км/соатга ошириш: 2 млн 060 минг сўм;
  • Тезликни 40–60 км/соатга ошириш: 3 млн 708 минг сўм;
  • Тезликни 60 км/соатдан кўпроққа ошириш: 6 млн 180 минг сўм;
  • Қарама-қарши йўлдан юриш (встречка): 4 млн 120 минг сўм;
  • Маст ҳолда автомобиль бошқариш: 10 млн 300 минг сўм ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан 3 йилгача маҳрум қилиш;
  • Рухсатсиз ойналарни қорайтириш (тонировка): 10 млн 300 минг сўм.