The Lancet Public Health журналида эълон қилинган халқаро тадқиқотга кўра, ҳар куни 7000 қадам юрган одамларда эрта ўлим хавфи 2000 қадам юрадиганларга нисбатан қарийб икки баробар камроқ. Ушбу фаоллик шакли бир соатча юришга тўғри келади ва соғлиққа кўплаб ижобий таъсирлар кўрсатади, деб ёзмоқда Deutsche Welle.
Маълумотларга кўра, 7000 қадам кунида юриш деменция ривожланиш хавфини 38 фоизга, депрессияни 22 фоизга ва диабетни 14 фоизга камайтиради. Қолаверса, ракка чалиниш эҳтимоли ҳам шунча камаяди.
160 минг нафар иштирокчи қатнашган 57 та илмий тадқиқот таҳлили асосида олимлар 10 минг қадам тавсиясининг илмий асоси йўқлигини кўрсатишди. Бу рақам илк бор 1964 йилдаги Токио Олимпиадаси арафасида Yamasa Tokei компанияси томонидан ишлаб чиқилган японча Manpo-Kei («10 минг қадам ҳисоблагичи») қадамўлчагичи орқали оммалаштирилган.
Кембриж университети олимларидан бири Пэдди Демпси таъкидлашича, 7000 қадам соғлиқ учун энг самарали чегара ҳисобланади. У шундай дейди: «Кўпчиликда фойда айнан шу миқдордаги фаолликдан сўнг пайдо бўлади. Бу нуқтадан кейин самара сезиларли ўзгармайди».
Олимлар сўзларига кўра, ҳар куни 10 минг қадам юрадиганлар бундан воз кечмаслиги керак, аммо фаоллигини 2000–3000 қадамда чеклаётганлар имкон қадар ҳеч бўлмаганда яна 1000 қадам қўшишга ҳаракат қилиши лозим. Бу соғлом ҳаёт тарзи сари қўйиладиган муҳим қадам бўлади.