10 млн сўм ўртача ойлик, Zoom’даги ишқ, қачон пасайиши маълум бўлган иссиқ — 25 июл дайжести

22:01 | 8 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз

Dayjest 25

Ўзбекистон банклари 2025 йилнинг биринчи ярмида қанча фойда кўрди?

2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон банк секторининг соф фойдаси 6,5 трлн сўмдан ошди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 991 млрд сўмга кўп. Энг катта фойда кўрган банк — Ўзмиллийбанк (1 трлн 5 млрд сўм), ундан кейин Ўзсаноатқурилишбанк, Бизнесни ривожлантириш банки, Алоқабанк ва бошқалар қайд этилган. Асакабанк фойдаси 23,5 млрд сўмга камайган. Барча давлат банклари молиявий жиҳатдан ижобий натижа қайд этди.

Хусусий банклар натижалари турлича бўлиб, Капиталбанк 602,4 млрд сўм фойда билан етакчи бўлган, бироқ унинг кўрсаткичи пасайган. Айрим банклар — масалан, TBC Bank ва Ziraat Bank — фойда кўрсатса-да, тушиш қайд этилган. Шу билан бирга, бир қатор хусусий банклар, жумладан, Ипотека Банк ва Янги Банк, ярим йилликни молиявий зарар билан якунлади. Octobank эса 162,3 млрд сўм фойда қайд этиб, ўтган йилга нисбатан яхшиланган.

 

Ҳафта охирида Ўзбекистонда об-ҳаво сезиларли даражада салқинлашади

Ҳафтанинг охирига қадар Ўзбекистонда кучли иссиқлик сақланади: 25–26 июл кунлари ҳарорат мамлакатнинг кўпчилик ҳудудларида +38…+40 даража, жанубда эса +43 даражагача етиши мумкин. Ҳеч қандай ёғингарчилик кутилмаяпти. Тошкентда ҳам шу кунларда ҳаво +40 даражагача илийди.

27 июлдан бошлаб об-ҳаво сезиларли даражада салқинлашади: ҳарорат +34…+37 даражагача тушади, жанубда эса +39 даража бўлади. Айрим ҳудудларда шамол кучайиб, чанг-тўзон кузатилиши мумкин. Бу айрим йўлларда кўриш имкониятини чеклаши мумкин.

 

Тошкентда ўртача ойлик маош 10 млн сўмдан ошди

Ўзбекистонда 2025 йилнинг биринчи ярмида ўртача иш ҳақи 5,9 млн сўмдан ошди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,2 фоизга кўп. Тошкент шаҳрида эса маош миқдори 10,1 млн сўмни ташкил этиб, республикада энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этилди. Пойтахтдаги ўсиш 18,8 фоизни ташкил этди.

Иккинчи ўринда Навоий вилояти (7,4 млн сўм, 13,4 фоиз ўсиш), учинчи ўринда эса Тошкент вилояти (5,6 млн сўм, 15,3 фоиз ўсиш) жойлашди. Ҳудудлар кесимидаги фарқлар иқтисодий ривожланиш, соҳавий фаоллик ва меҳнат бозори шароити билан боғлиқ бўлиши мумкин.

 

Ўзбекистонда июн ойида автомобил импорти кескин камайди

2025 йил июнь ойида Ўзбекистонга 96,8 млн долларлик 5968 та енгил автомобиль импорт қилинди — бу май ойига нисбатан миқдор жиҳатдан 5,3 фоизга, қиймат жиҳатдан эса 13,2 фоизга кам. Электромобиллар асосий улушни эгаллаб, фақат июннинг ўзида 4567 та электр авто олиб кирилди — бу ойлик импортнинг 76 фоизини ташкил этди. 

Автомобиллар импортида Хитой мутлақ етакчи бўлиб, июн ойида келтирилган автоуловларнинг қарийб 93 фоизи айнан шу мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Жанубий Корея ва Ҳиндистондан келтирилган авто миқдори анча камайган, АҚШ ва Япония ҳиссаси эса жуда кичик. Жорий йилнинг биринчи ярмида республика 24 минг 355 та авто импорт қилган бўлиб, уларнинг ярмидан кўпи электромобиллардир.

 

Zoomʼдаги мажлис вақтида ишқий муносабат билан шуғулланган амалдор ва котиба ишдан олинди

Каттақўрғон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими раҳбари Абдураҳмон Алимов ҳамда котиба вазифасида ишловчи аёл Zoom йиғилиши вақтида хизмат хонасида ишқий ҳолатда тасвирга тушгани ортидан ишдан бўшатилди. Уларнинг суратлари 24 июл куни ижтимоий тармоқларда тарқалди, воқеа 16 июлда бўлгани маълум қилинди.
Шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова бу ҳолатни тасдиқлар экан, «одоб-аҳлоқ бузилиши барчамизни уятга қўйди», дея фикр билдирган. Шунингдек, вазирлик матбуот котиби Гулноза Алимова ҳам ходимларнинг ишдан олинганини маълум қилди ва тизимда одоб-ахлоқ қоидалари бузилишига нисбатан муросасиз ёндашув қўлланилишини таъкидлади.