Миллий оператор маълумотларига кўра, январ–июн ойларида Ўзбекистон халқаро аэропортлари жами 7 млн 59 минг 84 нафар йўловчига хизмат кўрсатди. Уларнинг 5,8 млн нафари халқаро, 1,25 млн нафари эса ички йўналишларда сафар қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга кўпдир.
Йўловчи ташишдан ташқари, мамлакат аэропортлари орқали 59 960 та рейс амалга оширилди — 12 фоизлик ўсиш қайд этилди. Уларнинг 42 407 таси халқаро, 17 553 таси ички рейслардир.
Тошкент халқаро аэропорти 6 ойда 4 млн 587 минг 253 нафар йўловчига хизмат кўрсатиб, уларнинг 3,9 млн нафари халқаро йўналишда, қолган 620 минг нафари ички рейсларда парвоз қилган. Пойтахт аэропортида амалга оширилган рейслар сони 37 526 тани ташкил қилиб, 18 фоизлик ўсишга эришди.
Йил бошидан буён мамлакат аэропортлари орқали 38 863 тонна юк ва почта жўнатмалари ташилган. Бу кўрсаткич ўтган йил даражасида сақланиб қолган.
Uzbekistan Airports хизматлар сифатини яхшилаш, янги йўналишлар очиш ва янги авиакомпанияларни жалб этиш бўйича ишлар олиб борилганини таъкидламоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда парвоз қилувчи авиакомпаниялар сони 60 тани, шу жумладан 12 та чартер ташувчини ташкил қилмоқда.