АҚШ Украинага 330 млн долларлик янги қурол-яроғ ёрдамини маъқуллади

25.07.2025 10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ Давлат департаменти Украинага 330 млн доллар қийматидаги икки янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлади. Улар ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимини кучайтириш ва техникаларни модернизация қилишга қаратилган.

Usa aid ukr

АҚШ Давлат департаменти Украинага икки қисмдан иборат бўлган 330 млн долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлади. Бу ҳақда Пентагон расман маълум қилди. Мазкур ёрдам Украина қуролли кучларининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва америкалик қурол-аслаҳалардан самарали фойдаланиш имкониятини оширишни кўзлайди.

Биринчи пакет қиймати 180 млн долларни ташкил этиб, Украина Ҳаво ҳужумидан ҳимоя (ҲҲҲ) тизимини қувватлашга йўналтирилган. Унинг таркибида эҳтиёт қисмлар, истеъмол материаллари, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар, шунингдек, америкалик мутахассислар томонидан ўқитиш ишлари ҳам бор.

Иккинчи 150 млн долларлик пакет эса Украинадаги M109 ўзи ҳаракатланувчи ҳаубицаларни модернизация қилишга қаратилган. У капитал таъмир, техник ёрдам, ўқув дастурлари ва логистика хизматларини ўз ичига олади. Украина мазкур ёрдамни мазкур артиллерия тизимларини жангда тайёр ҳолда ушлаб туриш учун сўраган.

Пентагон бу қарор АҚШ миллий манфаатларига мос келиши ва Россиянинг ҳали ҳам давом этаётган тажовузи шароитида Украина мудофаа қобилиятини кучайтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

23 июль куни ҳам АҚШ ҳукумати Украина учун тахминан 322 млн долларлик ёрдамни маъқуллаган эди. Ўшандаги ёрдам таркибига HAWK Phase III зенит тизимлари, сунъий йўлдош ускуналари, пиёда қўшинлар учун Bradley техникаси ва уларнинг таъмир-эксплуатация хизмати киритилган.