Politico нашрининг ёзишича, 2025 йил 24 июл куни BBC, Agence France-Presse (AFP), Associated Press (AP) ва Reuters каби етакчи халқаро ахборот агентликлари Исроилга қаратилган қўшма баёнот эълон қилди. Унда журналистларга Ғазога кириш-чиқиш имконини бериш ва муҳосарадаги аҳоли учун етарлича озиқ-овқат киритилиши таъминланиши зарурлиги айтилган.
Баёнотда агентликлар Ғазода фаолият юритаётган мухбирлари ва уларнинг оилалари очлик хавфига юз тутаётганини қайд этишди. Улар: «Биз журналистларимиз ва уларнинг оилалари ўзини боқа олмаётганидан катта хавотирдамиз», — деб таъкидлашди.
Бундан олдин, AFP ходимлари ҳам шундай баёнот берган, 22 июл куни эса 100 дан ортиқ халқаро инсонпарварлик ташкилоти БМТга Ғазога ёрдам етказиш учун Исроилдан рухсат сўраб мурожаат қилган эди.
Исроил ЕИ билан тузилган ёрдам тақсимот шартномасини бажармаётгани ҳақидаги танқидларга жавобан, ташқи ишлар вазири Гидеон Саар: «Бизни айбламаслик керак. Биз шимол ва жанубдан ўтиш нуқталарини очдик. Ёрдамни Иордания ва Миср орқали ҳам узатяпмиз», — дея маълум қилди.
Шунга қарамай, ЕИ расмийлари Исроилни ёрдам тарқатишдаги сиёсатини кескин танқид қилмоқда. Айни пайтда, Исроил армияси Ҳамас жангариларини ер ости туннелларида озиқ-овқатни тўплашда айбламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Исроил 2023 йил октябрда Ҳамас ҳужуми оқибатида 1000 дан ортиқ фуқароси ҳалок бўлганидан сўнг Ғазога ҳарбий операция бошлаган. Шундан бери юз минглаб фаластинликлар ҳалок бўлган.