Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Туркиянинг Муғла вилоятига қарашли Бодрум туманида дам олиши таътилда бўлиб турган пайтида денгизга чўкишига бир бахя қолди. Ҳодиса шаҳарнинг Қайнар ҳудудида жойлашган беш юлдузли меҳмонхона соҳилида юз берган, деб ёзмоқда Туркиянинг GZT.com нашри.
Воқеа гувоҳларининг маълум қилишича, Рамзан Қодиров денгизга тушган ва бир пайтда ўзини йўқотиб, сув юта бошлаган. Буни кўрган атрофдаги меҳмонхона ходимлари зудлик билан уни қутқаришга тушишган ва тиббий хизматларга мурожаат қилишган.
Соҳил қутқариш хизмати ва тез ёрдам гуруҳлари воқеа жойига қисқа фурсатда етиб келиб, Қодировга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатган. Унга дастлабки ёрдам соҳилда кўрсатилган ва шундан сўнг у махсус шифохонага етказилган.
Олинган маълумотларга кўра, Қодировнинг ҳаётига хавф солувчи ҳолат кузатилмаган. Шифохонада қисқа муддат кузатув остида бўлган Чеченистон раҳбарининг аҳволи ҳозирда барқарор ҳолатда.
Бу воқеа расмийлар томонидан ҳозирча расман тасдиқланмаган бўлса-да, маҳаллий манбалар унинг ҳақиқийлиги ҳақида хабар бермоқда. Қодировнинг таътили давомида юз берган бу ҳолат ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда.