Фарғонада оммавий безориликда айбланган Отабек Валломов 6,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

16:35 | 3 дақиқада ўқилади.

Фарғона шаҳридаги компютер клубида содир этилган оммавий безорилик жинояти бўйича машҳур тадбиркорнинг ўғли Отабек Валломов ва яна беш нафар ёш йигит озодликдан маҳрум этилди. Суд айбланганларнинг қилмишини оғир жиноят сифатида баҳоламоқда.

Vallomov

Kun.uzʼнинг маълум қилишича, 2025 йил 21 феврал куни Отабек Валломов ва унинг шериклари «Verona» компютер клубида жамоат тартибини бузиб, ходимларни калтаклашган. Улардан бири — клуб иш юритувчисига оғир тан жароҳати етказган. Валломов клубда шовқинли ўйин пайтида ходим билан жанжаллашганини ва онаси ҳақорат қилинганидан кейин қўл кўтарганини айтган.

Аммо жабрланувчи Ф.Худойназаров бундай ҳақорат қилмаганини таъкидлаб, ўз ишини жамоат тартибини сақлаш мақсадида бажарганини айтган. Суд жараёнида Валломов қилмишидан пушаймон эканини билдириб, енгиллик сўраган.

Жабрланувчилар етказилган моддий ва маънавий зарарлар қопланганини, судланувчиларга нисбатан даъво қилиш нияти йўқлигини маълум қилишди. Суд шу маълумотларни эътиборга олган ҳолда, жиноятларнинг оғирлик даражасига қараб, барча айбланувчиларни озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.

Отабек Валломов Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми ва 104-моддаси 2-қисми бўйича 6,5 йилга, унинг беш нафар шериги эса 5,5 йилдан қамоқ жазосига маҳкум этилди. Суд ҳукми апелляция инстанцияси томонидан ҳам ўзгаришсиз қолдирилди.

Мазкур иш жамоатчиликда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Чунки судланган Отабек Валломов Фарғонадаги машҳур  тадбиркор Бахтиёр Валломовнинг ўғли экани билан ҳам эътиборни тортган.