Франция сентябрда Фаластин давлатини расман тан олади — Макрон

25.07.2025 10:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Франция президенти Эммануэл Макрон Яқин Шарқда барқарор тинчликка эришиш мақсадида мамлакатининг БМТда Фаластин давлатини расман тан олишини маълум қилди. Бу қарор АҚШ ва Исроилнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.

Makron

Макрон бу баёнотини БМТ Бош Ассамблеясининг сентябр ойидаги йиғилишида эълон қилишини билдирган. Унинг айтишича, Франция «тарихий мажбуриятга содиқ қолган ҳолда» Фаластин давлатини тан олади ва бошқа давлатларни ҳам шундай қадамга ундайди. У бу ҳақдаги позициясини Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббосга юборган мактубида баён этган.

Фаластин давлатини тан олиш Ғарбдаги етакчи мамлакатлардан биринчи марта амалга оширилиши мумкин. Ҳозиргача тан олганлар асосан кичик давлатлар бўлган. Франциянинг бу қарорини Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху кескин танқид қилиб, уни «террорчиликни рағбатлантириш» деб атади. Исроил мудофаа вазири эса буни «уятли таслим бўлиш» деб баҳолади.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Франциянинг бу режасини қатъий рад этиб, «бу тинчлик сари ҳаракатга тўсиқ бўлади» деди. Канада бош вазири эса Исроилни тинчлик сари қадам ташлашга чақириб, Ғазодаги гуманитар инқирозни танқид қилди.

Reuters маълумотича, Франция ва Саудия Арабистони аввалроқ июн ойида Фаластин давлатчилиги бўйича анжуман ўтказишни режалаштирган, аммо у бекор қилинган. Энди иккинчи босқич сентябрда БМТ доирасида бўлиб ўтади.

Фаластин маъмурияти вице-президенти Ҳусайн ал-Шейҳ Франциянинг қарорини олқишлаб, уни «халқаро ҳуқуқ ва мустақиллик тамойилларига содиқлик» деб атади.