Барселона суперкомпютер маркази (BSC-CNS) томонидан олиб борилган тадқиқотга кўра, 2022–2024 йилларда экстремал иссиқлик, қурғоқчилик ва кучли ёмғирлар озуқа нархларига жиддий таъсир кўрсатган. Таъсир кўрсатган асосий маҳсулотлар қаторига картошка, гуруч, мевалар, сабзавотлар, зайтун ёғи, қаҳва ва какaо киради.
Британияда 2024 йилнинг январ–феврал ойларида шиддатли ёмғирлар ортидан картошка нархи 22 фоизга ошиб кетган. АҚШнинг Калифорния ва Аризона штатларида 2022 йилдаги ёзги қурғоқчиликдан кейин сабзавотлар нархи 80 фоизга кўтарилган. Европа Иттифоқида эса ўтган йилги Италия ва Испаниядаги қурғоқчилик сабабли зайтун ёғи 50 фоизга қимматлашган, деб ёзмоқда Deutsche Welle.
Британиядаги Озиқ-овқат фондининг маълум қилишича, соғлом овқатланиш маҳсулотлари ўртача икки баробар қимматроқ бўлиб, инфляция шароитида кўплаб оилалар бундай маҳсулотларни сотиб олиш имконидан маҳрум бўлмоқда. Бу эса, кам таъминланган аҳоли қатламлари орасида юрак-қон томир, диабет ва бошқа хасталиклар кўпайишига сабаб бўлиши мумкин.
BSC-CNS тадқиқоти муаллифи Максимилиан Коцнинг таъкидлашича, атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газлари тўхтатилмагунча, об-ҳаво янада кескинлашади, бу эса ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатиб, бутун дунё бўйлаб озуқа нархлари ошишига олиб келади.
Мутахассислар глобал исишга қарши чоралар кўрилмаса, озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ инқирозлар нафақат иқтисодий, балки соғлиқни сақлаш тизимлари учун ҳам жиддий муаммолар келтириб чиқаришини таъкидлашмоқда.