Глобал тинчлик индекси (GPI — Global Peace Index) — Австралияда жойлашган Institute for Economics & Peace (IEP) томонидан ҳар йили эълон қилинадиган глобал рейтинг бўлиб, дунё давлатларининг тинчлик ҳолатини баҳолайди.
Ушбу индекс 163 мамлакатни қамраб олиб, глобал аҳоли сонининг 99,7 фоизини ўз ичига олади. Таҳлил 23 та индикатор асосида олиб борилади ва қуйидаги уч асосий йўналишда баҳоланади:
- Ички ва халқаро можаролар;
- Жамоат хавфсизлиги ва ижтимоий барқарорлик;
- Ҳарбийлаштириш даражаси (милитаризация).
2025 йилги ҳисоботда умумий глобал тинчлик даражаси сўнгги 18 йиллик кузатувлар ичида энг паст поғонага тушган. Бу GPI тарихидаги энг оғир кўрсаткич ҳисобланади. Ҳар йили тинчлик даражаси пасайиб бормоқда, бу эса жаҳон бўйича можаролар сонининг ортиши, ҳарбий харажатларнинг ошиши ва ижтимоий беқарорлик билан изоҳланади.
Марказий Осиёда ким етакчи?
2025 йилда Ўзбекистон Глобал Тинчлик Индексида 67-ўринни эгаллаб, ўтган йилга нисбатан яхшиланишга эришди. GPI балларининг пасайиши мамлакатдаги тинчлик даражасининг ошганини кўрсатади. Ички хавфсизлик барқарор сақланмоқда, қуролли можаро ёки терроризм таҳдиди мавжуд эмас — бу ҳолатлар ижобий баҳоланди.
Марказий Осиёдаги энг юқори ўринни эгаллаган Қозоғистон 56-поғонага кўтарилиб, барқарор сиёсий муҳит ва қуролли тўқнашувларнинг йўқлиги туфайли сезиларли ижобий натижага эришди. Мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ва ташқи сиёсатдаги мувозанат ҳам унинг тинчлик кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатди.
Қирғизистон ўртача тинчлик даражасига эга мамлакатлар қаторида, 78-ўринда қайд этилди. Мамлакатда демократик институтлар мавжуд бўлса-да, сиёсий беқарорлик, ҳукуматларнинг тез-тез алмашуви ва партиялараро рақобат хавфсизлик ҳолатини мураккаблаштирган. Қирғизистон–Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашувлар эса тинчлик рейтингига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бироқ фаол фуқаролик жамияти ва матбуот рейтингни нисбатан ушлаб туришда муҳим рол ўйнамоқда.
Тожикистон 79-ўринда қайд этилиб, пастки ўртача тинчлик даражасига эга мамлакатлар қаторида туради. Қирғизистон билан давом этаётган чегара зиддиятлари ва қуролли тўқнашувлар миллий хавфсизликка жиддий таҳдид солмоқда.
Туркманистон минтақадаги энг паст ўринни (87) эгаллаган бўлса-да, 2025 йилда тинчлик рейтингида энг катта яхшиланиш кўрсатган давлат сифатида тилга олинди. Ички можаролар кузатилмайди, хавфсизлик кучлари тўлиқ ҳукумат назоратида. Чегаравий хавфлар ва халқаро можаролар таҳдиди минимал даражада сақланмоқда. Бироқ бу барқарорлик репрессив бошқарув тизими эвазига таъминланмоқда. Сиёсий ва ахборот эркинлиги деярли мавжуд эмас, фуқаролик жамияти фаолияти чекланган.
2025 йилги Глобал тинчлик индекси (GPI) натижалари шуни кўрсатадики, Марказий Осиё минтақаси нисбатан барқарор ва тинч минтақалар қаторига кирса-да, ҳар бир давлатнинг ички сиёсати, хавфсизлик сиёсати ва фуқаролик эркинликлари борасида жиддий фарқлар мавжуд.
Умуман олганда, минтақа тинчликни сақлашда маълум даражада муваффақиятга эришган, барқарор ва ижобий тинчликка эришиш учун фуқаролик эркинликлари, қонун устуворлиги, ахборот эркинлиги ва чегара хавфсизлиги каби соҳаларда янада чуқур ислоҳотлар зарур.
Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, хавфсизлик таҳдидларига биргаликда жавоб бериш ва демократик бошқарув тамойилларини ривожлантириш орқали нафақат GPI рейтингида, балки реал тинчлик ва фаровонликда ҳам юксак натижаларга эриша олади.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.