Америка автомобил ишлаб чиқарувчиси General Motors (GM) жорий йилнинг иккинчи чорагида бутун дунё бўйлаб 1 миллион 539 минг дона автомобиль сотганини маълум қилди. Компаниянинг умумий даромади 47,1 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 2 фоизга камайди. Шу билан бирга, биринчи ярим йилликда даромад барқарор бўлиб, 91,1 миллиард долларга етди.
Компаниянинг иккинчи чоракдаги фойдаси 34 фоизга камайиб, 1,9 миллиард долларни ташкил этди. GM маълумотларига кўра, фойданинг камайишига импорт божларининг ошиши сабаб бўлган, бу эса фойдани 1,1 миллиард долларга камайтирган. GM ижрочи директори Мери Барра учинчи чоракда тарифларнинг таъсири янада кучлироқ бўлишини таъкидлади.
Шундай бўлса-да, GM компаниясининг асосий бозорлари — Шимолий Америка ва Хитойда савдоси ўсишда давом этди. Иккинчи чоракда Шимолий Америкада 878 мингта (6 фоизга кўп) ва Хитойда 448 мингта (20 фоизга кўп) автомобил сотилган. Хитойда GM’нинг электр ва гибрид моделларига талаб айниқса юқори бўлган.
GM янги савдо шароитларига мослашиш мақсадида АҚШ ҳудудида ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқда. Июн ойида компания Мичиган, Канзас ва Теннесси штатларидаги учта заводда ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 4 миллиард доллар ажратган. «Бизнесимизнинг узоқ муддатли даромадлилигини таъминлаш учун янги савдо сиёсатига мослашяпмиз», — деди GM бош директори.
Инвесторлар GM’нинг АҚШдаги оширилган тарифлар туфайли кўрган зарарига салбий муносабат билдирдилар — молиявий ҳисобот эълон қилинганидан сўнг компания акциялари 3,3 фоизга тушиб кетди.