Бу келишувга мувофиқ, HUMO Sunmi тўлов терминалларининг Ўзбекистондаги ягона расмий дистрибьютори мақомини олди. Энди фақат HUMO мамлакат банклари ва савдо нуқталарини Sunmi терминаллари билан таъминлаш, уларнинг хавфсизлиги ва барқарор ишлашини кафолатлаш ваколатига эга бўлади.
Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад — Ўзбекистонда тўлов жараёнларини рақамлаштиришни тезлаштириш, молиявий технологиялардан кенг фойдаланиш имкониятини яратиш ва фойдаланувчилар учун қулайликни оширишдир. Бу борада замонавий ечимларни жорий этиш, жумладан, чекка ҳудудларда молиявий хизматлардан фойдаланишни енгиллаштириш ҳам режалаштирилган.
HUMO таъкидлашича, Sunmi танлови бозор таҳлили натижасига асосланган бўлиб, юқори технологияли ва ишончли ечимларга эҳтиёждан келиб чиққан. Энди тадбиркорлар Sunmi терминалларини HUMO орқали мақбул шартларда олиш имконига эга бўлади.
Шунингдек, HUMO 20 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиб, мамлакатдаги эквайринг инфратузилмасини тубдан янгилашни режалаштирмоқда. Бу эса Ўзбекистондаги рақамли иқтисодиёт тараққиётини рағбатлантиради.