Исроил ва АҚШ Ғазо сулҳ музокараларини тарк этди

12:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроил ва АҚШ делегациялари Қатарда ўтаётган Ғазодаги сулҳ музокараларини тарк этди. Вашингтоннинг баёнотига кўра, ҲАМАС «соғлом ният билан ҳаракат қилмаётгани» учун музокаралардан чиқишга қарор қилинган.

G'azodagi vaziyat

АҚШнинг махсус вакили Стив Уиткофф баёнотида: «ҲАМАСнинг сўнгги жавоби Ғазода оташкесимга эришиш истагининг йўқлигини яққол кўрсатди. Шунинг учун Доҳадаги гуруҳимизни маслаҳат учун қайтаришга қарор қилдик», — деди.

Исроил ҳукумати музокараларни тарк этиш сабабини расман очиқламаган. Бироқ маҳаллий нашрларда эълон қилинган фикрларга кўра юқори лавозимли манбалар музокаралар тўхтмаганини, балки «етарлича босқичга етиб, ҳозирча қайтишга қарор қилинганини» билдирган.

ҲАМАС эса Уиткоффнинг баёнотидан ҳайратда эканини ва музокараларни давом эттиришдан манфаатдорлигини билдирди. Ҳаракатнинг баёнотида «муваққат оташкесим ва доимий тинчлик шартларига эришиш» учун музокараларни давом эттиришга тайёр эканлиги қайд этилди.

Қатар ва Миср воситачилигидаги музокаралар икки ҳафтадан буён давом этмоқда. Барча иштирокчиларнинг таъкидлашича, келишмовчиликлар ҳали ҳам катта.

Шу билан бирга, Ғазода гуманитар инқироз авжига чиққан. БМТнинг Фаластин қочқинлар агентлиги маълумотига кўра, Ғазо шаҳрида ҳар беш боладан бири озуқа етишмовчилигига дуч келган. 100 дан ортиқ халқаро ташкилотлар Ғазода оммавий очлик хавфи ҳақида огоҳлантириб, ҳукуматлардан чора кўришни сўрамоқда.

Исроил гуманитар ёрдам тақчиллиги учун ҲАМАСни айбламоқда. Аммо БМТ маълумотига кўра, сўнгги икки ойда Исроил ҳарбийлари озуқа олишга уринган 1000 дан ортиқ фаластинликни ўлдирган. Улардан камида 766 нафари АҚШ хусусий хавфсизлик фирмалари назоратидаги ҳарбий зоналар яқинида, яна 288 нафари БМТ ва бошқа ёрдам карвонлари яқинида ҳалок бўлган.

Исроил армияси фуқароларга қарши қасддан ўқ узмаганини, фақат огоҳлантирувчи ўқлар ишлатилганини таъкидламоқда.