Дастлабки ярим йилликда банклар умумий ҳисобда 6 трлн 508 млрд сўм соф фойда кўрди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 18 фоизга кўп.

Давлат банклари
Ўтган ҳисобот даврида айрим банклар фаолияти зарар билан якунланган бўлса, 2025-йилнинг биринчи ярмида барча давлат банклари молиявий жиҳатдан ижобий натижага эришди.
Энг катта фойда олган банк — Ўзмиллийбанк бўлиб, унинг ярим йиллик соф фойдаси 1 трлн 5 млрд сўмни ташкил этди. Ундан кейинги ўринда қуйидагилар жой олган:
- Ўзсаноатқурилишбанк — 808,6 млрд сўм;
- Бизнесни ривожлантириш банки — 319,7 млрд сўм;
- Алоқабанк — 97,9 млрд сўм;
- Микрокредитбанк — 45,5 млрд сўм;
- Халқ банки — 19 млрд сўм;
- Агробанк — 17,6 млрд сўм;
- Туронбанк — 14,6 млрд сўм.
Фақатгина Асакабанкнинг фойдаси камайди — унинг соф фойдаси 47,4 млрд сўмни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 23,5 млрд сўмга кам.
Хусусий банклар
Хусусий сектор банкларининг кўрсаткичлари эса турлича. Айримлари фойда кўрган бўлса, баъзилари эса зарар кўрган. Масалан, Капиталбанк 602,4 млрд сўм соф фойда билан юқори ўринлардан бирини эгаллаган бўлса-да, бу ўтган йилга нисбатан 109,9 млрд сўмга кам.
Худди шундай, ТBC Bank Uzbekistan (–53,3 млрд сўм) ва Ziraat Bank Uzbekistan (–10,5 млрд сўм) фойда қайд этса-да, кўрсаткичлари камайган.
Молиявий зарар билан ярим йилликни якунлаган банклар рўйхатига қуйидагилар киради:
- Ипотека Банк – 392,5 млрд сўм;
- Apex Bank – 62,4 млрд сўм;
- Янги Банк – 55,6 млрд сўм;
- Евроосиё Банки – 51,6 млрд сўм;
- Гарант Банк – 9,7 млрд сўм;
- AVO Bank –1,8 млрд сўм.
Шу ўринда, барқарорлик сари интилаётган банклар ҳам йўқ эмас. Масалан, ўтган йили 15,6 млрд сўм зарар кўрган Tenge Bank бу сафар 3,5 млрд сўмлик фойдага чиқа олди. Бундан ташқари, Octobank 162,3 млрд сўм соф фойда қайд этди — бу ўтган йилга нисбатан 112,6 млрд сўмга кўпроқ.
Маълумот учун, банкларнинг соф фойдаси ёки зарар кўрсаткичлари даромад ва харажатлар (шу жумладан солиқлар) ўртасидаги фарқ орқали аниқланади. Шуни унутмаслик керакки, зарар қайд этилиши банк фаолиятининг барқарор эмаслигини англатмайди — бу кўпинча инвестицион фаолият, кредит сиёсати ёки бозор шароитларига боғлиқ бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилнинг II чораги учун янгиланган «Банклар фаоллик индекси» ҳақида маълумот берган эдик.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.