Lex.uz маълумотлар базасида ҳозирда 14 544 та амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд бўлиб, шундан 541 таси жорий йилнинг январ–июн ойларида қабул қилинган. Платформага ҳар куни 37–39 минг фойдаланувчи мурожаат қилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг расмий ҳисоботида маълум қилинди.
Илк ярим йиллик давомида энг кўп ўқилган 10 та ҳужжат умумий ҳисобда 516,6 минг марта кўрилган. Уларнинг энг юқори ўринларини Конституция, Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Меҳнат кодекси эгаллаган.
Бешинчи ўринда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун турибди. Кейинги ўринларда «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармон ва «Таълим тўғрисида»ги қонун қайд этилган.
Саккизинчи ўрин «Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарорига тегишли бўлса, сўнгги икки ўринда жамоат хавфсизлиги ва чет тиллар сертификати бўйича қарорлар жой олган.
Шунингдек, Адлия вазирлигининг маълум қилишича, шу йилнинг биринчи ярмида 316 та қонунчилик ҳужжати жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.