Аҳоли орасида асосий кундалик тўловлар учун карта ишлатадиганлар 33 фоизни ташкил этса, 15 фоиз сўралганлар фақат нақд пулдан фойдаланади. Ҳар икки шаклда — банк картаси ва нақд орқали тўлов қилувчилар эса 52 фоизни ташкил қилмоқда.

Тўловлар харитаси: қаерда нақд, қаерда карта устун?
Ҳудудлар кесимида қарайдиган бўлсак, Тошкент шаҳри ва Жиззах вилояти ўртасида кескин фарқ мавжуд: Тошкент шаҳрида банк картаси орқали тўлов қилувчилар улуши 40 фоиз бўлса, Жиззахда бу кўрсаткич атиги 28 фоиз.
Энг кўп фақат нақд ишлатадиганлар Андижонда (24 фоиз) қайд этилган. Тошкент шаҳрида эса атиги 6 фоиз аҳоли нақд пулдан фойдаланган.

Иккала шаклдан фойдаланиш даражаси Фарғонада энг юқори — 57 фоиз, ундан кейин Хоразм (56 фоиз) ва Сурхондарё (55 фоиз) ташкил қилмоқда. Аксинча, Қорақалпоғистон Республикасида бу кўрсаткич 50 фоиз атрофида бўлса-да, 12 фоиз аҳоли ҳали ҳам фақат нақд тўловга таянмоқда. Натижалар шуни кўрсатадики, пойтахт ва айрим марказий ҳудудларда рақамли тўловлар устунлик қилаётган бўлса-да, кўплаб вилоятларда ҳали ҳам нақд пул асосий тўлов воситаси бўлиб қолмоқда.
Нақд пул билан амалга оширилган харидлар статистикаси
Ўзбекистон аҳолисининг нақд пул шаклидаги бир марталик харидлари таҳлили шуни кўрсатадики, энг катта улуш (47 фоиз) 100 мингдан 500 минг сўмгача харид қилувчи аҳолига тўғри келади, бу ўрта даражадаги истеъмол қатлами шаклланганлигидан далолат беради.

100 минг сўмгача харид қилувчилар 35 фоизни ташкил этса, 500 минг сўмдан 1 млн сўмгача харид қилувчилар 12 фоиз, 1 миллион сўмдан юқори харид қилувчилар эса атиги 6 фоизни ташкил этмоқда.
Одамлар қайси банкнотдан энг кўп фойдаланяпти?
Ўзбекистон аҳолиси орасида энг кўп эҳтиёж билдирган валюта — 10 000 сўмлик бўлиб, уни 21 фоиз респондент қулай деб топган. Ундан кейин 50 000 сўмлик (19 фоиз) ва 5000 сўмлик (16 фоиз) купюралар юқори талабга эга. Бу эса аҳолининг кундалик харидлари ва бошқа харажатлари учун айнан шу номиналдаги пуллар энг кўп ишлатилаётганини кўрсатади.

Кичик номиналдаги пулларга (тангалар, 2000 сўмлик ва 5000 сўмлик) респондентларнинг 41 фоизи эҳтиёжи пастлигини, 31 фоизи эҳтиёжи йўқлигини ва 28 фоизи эҳтиёжи юқорилигини билдирди.

Нега аҳолига нақд пул керак?
Аҳолининг нақд пулдан фойдаланишига асосий сабаб — харидларнинг деҳқон бозорларда амалга оширилиши бўлиб, бу 56 фоиз респондент томонидан таъкидланган. 17 фоиз фуқаро эса нақд тўловни тез, хавфсиз ва назорат қилиш осон деб ҳисоблайди.

Яна 13 фоиз респондент нақд пулда товар ва хизматлар арзонроқ бўлишини асос қилиб кўрсатган. Қолганлар эса техник ва ташкилий муаммоларни тилга олган: 7 фоиз нақд пул тўловини сотувчилар талаб қилишини, яна 7 фоиз эса тўлов терминали йўқлиги ёки ишламаслигини сабаб сифатида қайд этган.
Нақд пул тўлаш мажбурияти юзага келаётган ҳолатлар энг кўп Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида кузатилган. Айни пайтда, Тошкент шаҳрида эса тўлов терминалларининг йўқлиги ёки ишламаслиги ҳолатлари бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ учраяпти.

Маошлар қаерга тушяпти: нақд ёки карта?
Иш ҳақи тўловлари бўйича сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 87 фоизи ойлик маошини банк картаси орқали олади. Яна 7 фоиз фуқаро маошни ҳам нақд, ҳам картага олишини билдирган. Атиги 6 фоиз респондент эса иш ҳақини тўлиқ нақд пул шаклида олишини қайд этган.
Ҳудудларда ойлик маошлар тақсимоти қандай?
Ҳар бир вилоят ва ҳудудда иш ҳақи тўловлари шакллари бўйича маълумотларни таҳлил қилганда, муайян фарқлар кўзга ташланади. Масалан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, Фарғона, Самарқанд, Сурхондарё, Жиззах вилоятларида ишчилар ва ходимларнинг 87-94 фоизи иш ҳақини фақат банк картаси орқали олади.
Бироқ, Жиззах ва Хоразм вилоятларида вазият анча бошқача. Хусусан, Жиззахда банк карталари орқали тўлов улуши 71 фоизни ташкил этса, 13 фоиз аҳолига иш ҳақи ҳануз нақд пулда топширилмоқда. 16 фоизи эса аралаш шаклда – яъни бир қисми нақд, бир қисми карта орқали олади.
Аввалроқ, банклар орқали жами 563 трлн сўмлик нақд пул айланиши амалга оширгани ҳақида маълумот берган эдик. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 23 фоиз ошган.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.