Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–май ойларида 2 млн 700 минг нафар Ўзбекистон фуқароси хорижий давлатларга туризм мақсадида сафар қилган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 574,1 минг кишига ёки 26,4 фоизга кўп.
Ушбу беш ой ичида энг кўп саёҳат қилинган мамлакат — Қирғизистон. У ерга 1 млн 189 минг 793 нафар ўзбекистонлик борган. Қирғизистондан сўнгги энг оммабоп йўналишлар Тожикистон (501 минг 657 киши) ва Қозоғистон (468 минг 208 киши) бўлган.
Қозоғистондан сўнг бу борада Саудия Арабистони (145 минг 262) , Россия (124 минг 829) ва Туркия (88 минг 648) давлатлари турибди. Шунингдек, БААга ҳам сафарлар 28,2 фоизга ошган, жами 71,4 минг нафар Ўзбекистон фуқаролари туристик мақсадларда ташриф буюрган. Сўнгги ойларда Мисрга ташриф буюрувчилар сони ҳам кўпайиб, ярим йилда жами 30 минг 479 нафар ўзбекистонлик Мисрга саёҳат қилган.
Статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, яқин қўшни давлатларга саёҳат қилишнинг асосий сабаблари сифатида географик яқинлик, визасиз тартиб ва сарф-харажатларнинг нисбатан арзонлиги қайд этилмоқда.
Мавжуд тенденциялар ўзбекистонликларнинг халқаро туризмда иштирокини кенгайиб бораётганини, айни пайтда минтақавий туризмга бўлган қизиқиш юқорилигини кўрсатмоқда.