Қозоғистонда ҳарбий вертолёт йўқолиб қолди

19:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Олмаотада Қозоғистон Мудофаа вазирлигига тегишли уч нафар экипаж аъзоси бор вертолёт йўқолди. Мамлакат Мудофаа вазирлиги Eurocopter EC 145 вертолёти ғойиб бўлганини тасдиқлади.

Ec145

Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг уч нафар экипаж аъзоси билан парвоз қилаётган вертолёти Олмаота вилоятида алоқага чиқмай қолди. Бу ҳақда республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

«25 июль куни Олмаота вилояти Фавқулодда вазиятлар департаменти навбатчилик бўлимига Луговойдан учиб кетган, уч нафар экипаж аъзоси бўлган Мудофаа вазирлиги вертолёти Отар ҳудудида алоқага чиқмаётгани тўғрисида хабар келди», — дея таъкидланган идора хабарида.

Қайд этилишича, Олмаота вилоятида қидирув-қутқарув ишларини амалга ошириш учун ҳодиса жойига дарҳол Қозоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг куч ва воситалари ҳамда «Қозавияқутқарув» вертолёти жўнатилган. Мамлакат Мудофаа вазирлиги Eurocopter EC 145 русумли вертолёт йўқолганини тасдиқлаган.

Ҳарбий идора қўшимча қилишича, воқеанинг барча ҳолатларини аниқлаш учун ҳодиса жойига махсус комиссия йўлга чиққан.