Марказий банк бу қарорини инфляцион босимнинг кутилганидан тезроқ пасайиши ва ички иқтисодиётдаги «қизиб кетиш» ҳолати босилиши билан изоҳлади. Шу билан бирга, йиллик инфляция бўйича прогноз ҳам янгиланди: аввалги 7–8 фоиз ўрнига, энди 6–7 фоиз даражасида баҳоланмоқда.
Шунингдек, банк келгусидаги қарорлар инфляциянинг барқарор тушиши ва аҳоли инфляцион кутилмаларига қараб белгиланишини билдирди. Бу эса сиёсатда эҳтиёткорлик сақланишини англатади. Қарор олиш олдидан иқтисодчилар ставканинг 1–3 фоизга пасайишини тахмин қилишган, Марказий банк эса ўрта йўл — 2 фоизли «муроса йўли»ни танлади.
РФ МБ маълумотига кўра, 2025 йил II чорагида инфляция даражаси 4,8 фоизга тушди (I чоракда — 8,2 фоиз), асосий инфляция эса 4,5 фоизгача пасайган. Аммо инфляцион кутилмалар ҳали ҳам юқори бўлиб қолмоқда. Регулятор бу ҳолат инфляцияни барқарор туширишга тўсқинлик қилиши мумкинлигини тан олди.
Банк шунингдек, меҳнат бозоридаги кескинлик ҳам босилаётганини қайд этди. Кадрлар етишмовчилиги камаймоқда, ишчи куч бошқа тармоқларга кўчмоқда, иш ҳақлари ўсиши эса секинлашган. Бироқ иш ҳақи ўсиши ҳали ҳам меҳнат унумдорлигидан юқори бўлиб қолмоқда — бу эса инфляция хавфини сақлаб қолмоқда.
Бошқа хавфлар қаторида — давлат бюджети харажатлари, нефт нархларининг пасайиши ва геосиёсий хатарлар тилга олинган. Марказий банк ҳозирча ҳукуматнинг расмий параметрларига таянаётганини айтди, бироқ улар ўзгарса, сиёсат ҳам қайта кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, Марказий банкнинг фикрича, унинг қатъий монетар сиёсати иқтисодиётни ортиқча совутиш хавфига эга бўлса-да, бу дезинфляцион омиллар орасида ягона ҳисобланади. Якунловчи прогнозга кўра, Россия иқтисодиёти 2025 йил якунида 1–2 фоиз ўсиши мумкин.