Россиянинг энг йирик аэропортларидан бири — «Домодедово» — банкротлик хавфига дуч келгани маълум қилинди. Янги раҳбар Андрей Иванов маълум қилишича, аэропортнинг умумий қарзи 70 млрд рублни ташкил этади. Шунинг 34 млрд рубли ички валютада, 450 млн долллари эса хорижий қарз ҳисобланади. Фақат фоиз тўловларининг ўзи 2025 йилда 8 млрд рублни ташкил этади.
Иванов ҳозирда кредиторлар билан қарзни реструктуризация қилиш масаласини муҳокама қилаётганини, стратегик инвестор жалб этилишига катта умид борлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, муаммолар йўловчилар оқими кескин камайганига қарамай, харажатлар қисқартирилмаган ва иккинчи терминал очилган.
2023 йилда аэропорт 20 млн йўловчига хизмат кўрсатган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 15,5 млнга тушган. Жорий йилда яна 2 млнгача пасайиш кутилмоқда. Ҳозирда аэропорт ўз имкониятларининг ярмига ҳам яқинлаша олмаяпти.
Молиявий кўрсаткичлар ҳам издан чиқмоқда: 2023 йилдаги даромад 34 млрд рубл бўлган бўлса, 2025 йилда 30 млрд рублдан ошмаслиги кутиляпти. Йўқотишлар 2023 йилда 7 млрд, 2024 йилда 7,2 млрд, жорий йилда эса 10 млрд рублгача етиши мумкин. Шу билан бирга, корхонанинг маошлар ва мажбуриятлар бўйича қарзлари 1,3 млрд рублга яқин.
1 июлда аэропорт Калининград солиқ идораси томонидан банкрот деб топиш талаби билан судга берилган. Бюджет қарзини маош тўловига йўналтириш орқали суд даъвоси рад этилди. Бу ҳолат Россия тарихида илк бор содир бўлди, дея таъкидлади Иванов.
Молиявий муаммолардан ташқари, аэродром инфратузилмаси ҳам таъмирлашни талаб қилмоқда. Иккинчи учиш-қўниш йўлагини барпо этиш ва сув тозалаш иншоотларини қуриш учун камида 16 млрд рубл керак бўлади.
Домодедово аэропорти 17 июнда РФ Бош прокуратураси даъвоси билан давлат ихтиёрига ўтказилган. Суд «DME Holding»нинг 100 ajbp улушини мусодара қилишга қарор қилган. Айбловга кўра, стратегик объект устидан назорат чет эл фуқаролари — Дмитрий Каменixик ва Валерий Коган қўлида бўлган, улар активларни хорижга ўтказиш ва қонундан четлаб ўтиш билан шуғулланган.