Spiegel.de нашрига кўра, президент Пизишкиён Теҳронни сув билан таъминлаш ҳолатини «жиддий» деб атади ва вазият шу даражада оғирки, пойтахтни кўчириш масаласи муқаррар бўлиб қолиши мумкинлигини айтди.
Пизишкиённинг сўзларига кўра, «Теҳронда ҳақиқатан ҳам сув қолмаган». Шаҳарда айни пайтда 15 миллионга яқин одам яшайди ва сув танқислиги аллақачон давлат муассасалари ҳамда саноат корхоналари ишига тўсқинлик қилмоқда.
The Guardian нашрининг ёзишича, бу ҳафта Эронда йил бошидан буён энг иссиқ кунлар кузатилган. Айрим ҳудудларда ҳарорат +50,3°C дан +52,8°C гача кўтарилиб, дунёдаги энг юқори даражалардан бирига етган.
Сўнгги беш йил ичида Эронда ёғингарчилик кескин камайган. Бу эса сув танқислигини янада кучайтирди. Кўплаб сув омборлари деярли қуриб қолган, электр станциялари эса узилишлар билан ишламоқда. Мамлакатда электр таъминоти ҳам тез-тез бузилмоқда.
IRNA давлат ахборот агентлигининг маълумотига кўра, Эрондаги энг йирик сув омборларидан бири яқин тўрт ҳафта ичида бутунлай қуриб қолиши мумкин.
Еттита йирик тўғонда сув сатҳи 10 фоиздан ҳам пастга тушган. Хурмозган ва Форс вилоятларида эса айрим тўғонларда сув умуман қолмаган.
Иқлимшуносларнинг фикрича, Эрон сув омборларининг қарийб 80 фоизи ҳозирда деярли бўм-бўш. Келгуси икки ойда сув таъминоти яхшиланиши даргумон. Вазият фақат кузда ёмғирлар ёғса, бироз ўзгариши мумкин.
Сув танқислиги кучайгани сабабли Эрон ҳукумати барча мактаблар ва давлат идораларини камида шанба кунигача ёпди. Кўплаб фабрикалар ҳам вақтинча фаолиятини тўхтатган. Бу эса ишлаб чиқаришнинг камайишига ва одамларнинг оммавий ишдан бўшатилиш хавфига олиб келмоқда.
Ҳукумат вакили Фотима Муҳожироний вазиятни «табиий офат» деб атади.
Пойтахт Теҳрондаги ўн минглаб одамлар сув йўқлиги сабабли шаҳарни тарк этмоқда. Улар асосан шимолдаги вилоятларга, хусусан, сув таъминоти ҳали барқарор бўлган Каспий денгизи бўйларига кўчиб кетмоқда.
Шу билан бирга, ҳукумат ва маҳаллий раҳбарият танқид остида қолмоқда. Кўпчилик уларни иқлим ўзгариши ва сув инқирозига самарали жавоб бера олмаганликда айбламоқда.
Эронда пойтахтни кўчириш масаласи қачондан бошланган?
Замонавий Эрон тарихида пойтахтни расмий равишда кўчириш ҳолати ҳали содир бўлмаган, аммо бу масала бир неча бор давлат даражасида муҳокама қилинган. Айниқса, Теҳроннинг ҳаддан ташқари аҳоли зичлиги, ҳаво ифлосланиши, ер силкиниши хавфи, инфратузилма босими ва ҳозирда юзага келган сув танқислиги каби муаммолар сабабли бу масала долзарб тус олган.
Теҳрон 1796 йилда Қожарлар сулоласи томонидан пойтахт сифатида танланган ва ўшандан бери Эроннинг сиёсий, иқтисодий ва маданий маркази бўлиб келмоқда. Бироқ 2000 йиллардан бошлаб Эрон расмий доираларида пойтахтни Теҳрондан кўчириш зарурати ҳақида жиддий баҳслар бошланган.
2010 йилда Эрон парламенти Теҳронни «миллий хавфсизликка таҳдид солувчи даражада» ортиқча юклама остида деб баҳолаб, пойтахтни кўчириш бўйича ҳуқуқий асослар яратишни бошлаган. Айрим режаларда Теҳрон яқинидаги шаҳарлар – масалан, Паранд, Работи Карим ёки Қум — янги маъмурий марказ сифатида тилга олинган. Шунингдек, айрим давлат идораларининг Теҳрондан бошқа шаҳарлар – айниқса, саноат ва энергия соҳасидаги муассасаларни жанубий ва марказий вилоятларга кўчириш амалиёти бошлангани ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд.
2025 йилда эса бу мавзу яна долзарб бўлди. Президент Масъуд Пизишкиён Теҳронда юзага келган сув инқирозини «жиддий хавф» деб атаб, пойтахтни бошқа жойга кўчириш эҳтимолини очиқ тилга олди.
Айни пайтда Теҳронда 15 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади, ва бу ҳажмдаги шаҳарга сув, энергия ва инфратузилма таъминоти билан хизмат кўрсатиш тобора мураккаблашмоқда. Исломий республика раҳбарияти бу масалани фақатгина инқирозга жавобан кўриб чиқаётганини айтмоқда, аммо бу баёнот замонавий Эрон тарихида пойтахтни кўчириш масаласида энг кескин ва очиқча чиқиш ҳисобланади.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.