Таиланд ва Камбожа чегарасида тўқнашувлар: минглаб одамлар уйини ташлаб чиқиб кетди

16:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Таиланд ва Камбожа ўртасидаги чегара ҳудудида юзага келган қуролли тўқнашувлар кескинлашиб бормоқда. Икки кунда камида 14 киши ҳалок бўлди, ўн минглаб одам ўз уйини тарк этиб, бошпаналарга кўчишга мажбур бўлди.

Tailanddan ko'chib ketayotgan odamlar

Associated Press ёзган хабарга кўра, Таиланднинг тўртта чегара провинциясида 58 мингдан ортиқ фуқаро вақтинчалик бошпанага эвакуация қилинди. Камбожа эса 4 мингга яқин аҳоли хавфли ҳудудларни тарк этганини маълум қилди. Қайд этилишича, ҳалок бўлганларнинг аксар қисми тинч аҳоли ва болалардир.

Жанжал чоршанба куни мина портлаши оқибатида беш таиландлик ҳарбий жароҳатлангач бошланди. Шундан сўнг, икки давлат армияси ўзаро артиллерия ўти очиб, вазият кескинлашди. Таиланд Камбоджани россияликлар ишлаб чиқарган BM-21 ракеталарини ишлатганликда айбламоқда. Камбожа эса Таиландни будда ибодатхонасини бомбардимон қилганликда айблади.

Мўъжизакор Преах Вихеа ибодатхонаси атрофидаги ҳужумлар халқаро эътиборни жалб этмоқда. Камбоджа ҳукуматининг таъкидлашича, ушбу ёдгорликка етказилган зарар ҳақида халқаро адлия ташкилотларига мурожаат қилинади.

Можаронинг кучайиши нафақат ҳарбийлар, балки кўплаб оддий фуқаролар ҳаётини издан чиқарди. Айниқса, Таиланддаги Сисакет ва Сурин вилоятларидаги одамлар уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Болалар, кексалар ва ҳатто ҳайвонлар билан эвакуация қилинган одамлар мактаблар ва спорт залларига жойлаштирилди.

Шу пайтга қадар БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим можарони тинч йўл билан ҳал этишга чақирув билан чиқди. Малайзия — АСЕАН раислигидаги давлат сифатида, музокараларга воситачи бўлишга тайёр эканини билдирди.

Мутахассислар икки давлат ўртасидаги чегара низоси йиллар давомида ҳал этилмай келаётганини, бу эса ҳар қандай вақтда катта миқёсли тўқнашувларга олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда.