Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби таъкидлашича, Бангкокдаги Бош консулхона маълумотларига кўра, Таиланд ва Камбоджада истиқомат қилаётган юртдошларимиз соғ-омон. Шунингдек, Таиланднинг пойтахти ва сайёҳлик марказларида вазият барқарор, туристлар учун хавф мавжуд эмас.
Вазирлик Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги чегарада юзага келган вазиятни диққат билан кузатмоқда. Баёнотда барча томонлар халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя қилган ҳолда, низони тинч йўл билан ҳал этишга чақирилди.
Аҳрор Бурҳонов юртдошлардан Камбоджа билан чегарадош ҳудудларга бормасликни ва расмий ахборот манбаларини доимий кузатиб боришни сўради. Зарур ҳолатларда Бангкокдаги Бош консулхонага (+66-2) 675-3995 ёки (+66-2) 675-3996 рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин.
«Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришда давом этади», — дейилади расмий хабарда.