Sapien Labs тадқиқот ташкилоти 100 мингдан зиёд ўсмир ва ёшлар маълумотини таҳлил қилиб, 13 ёшгача смартфонга эга бўлганлар кейинчалик руҳий саломатлик бўйича анча паст кўрсаткичларни қайд этганини маълум қилди. Бу ҳолат қизларда айниқса сезиларли: уларда ўзини қадрлаш даражаси паст, ҳиссиётни бошқаришда муаммолар кўпроқ учраган. Ўғил болаларда эса хотиржамлик, эмпатия ва ўзини ҳурмат қилиш каби кўрсаткичлар пасайган.
Мутахассислар бунга сабаб сифатида смартфон орқали болаларнинг ижтимоий тармоқларга эрта кира бошлашини келтиришмоқда. Бу эса кибербуллинг, уйқусизлик ва заҳарли коммуникациялар хавфини кучайтиради.
Тадқиқотда Mental Health Quotient (MHQ) методикаси асосида инсоннинг руҳий, ижтимоий ва ақлий ҳолати баҳоланган. Унга кўра, смартфонга неча ёшда эга бўлинса, психик саломатлик шунча ёмонлашган.
Sapien Labs раҳбари, Стэнфорд университети нейробиологи доктор Тара Тиагараджан, болаларни ҳимоя қилиш учун қатор чоралар зарурлигини таъкидлади. Улар қаторида: 13 ёшгача смартфондан фойдаланишни чеклаш, мактабларда рақамли саводхонликни ўргатиш ва технология ишлаб чиқарувчиларига қўшимча жавобгарлик юклаш каби тавсиялар бор.