«Код Дурова» нашри маълум қилишича, рейтинг тизими дастур кодларида бир неча кун олдин аниқланган ва ҳозирда синов тартибида ишга туширилмоқда. Янги функция орқали фойдаланувчи профилидаги махсус белгини босиш орқали ўз даражасини билиб олиши мумкин.
Белгини босганда «Профил даражаси фойдаланувчининг тўловлари ишончлилигини кўрсатади» деган хабар пайдо бўлади. Ҳозирча ушбу функция Telegram’нинг синов серверларида ишлаяпти.
Янги тизимда фойдаланувчи томонидан харид қилинган, совға қилинган ёки сарфланган ҳар 1000 дона Yulduz учун рейтинг ошади. Даража қанчалик юқори бўлса, аккаунт Telegram’даги айрим имкониятлардан фойдаланишда кенгроқ ҳуқуқларга эга бўлади.
Telegramнинг бу функция орқали фойдаланувчиларнинг тўлов қобилияти ва платформадаги ишонч даражасини баҳолаш, шунингдек, совғаларни харид қилишда муайян чекловларни киритиш режаси борлиги маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Telegram ёшни юз орқали аниқлаш функциясини ҳам синашни бошлаган. Бу келгусида ёшга оид чекловлар билан хизматлардан фойдаланишни назорат қилишга ёрдам бериши мумкин.