Тошкентда ўртача ойлик маош 10 млн сўмдан ошди

11:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 2025 йилнинг биринчи ярмида иш ҳақи ўсишда давом этган. Айниқса, Тошкент шаҳрида ўртача маош 10 млн сўмдан ошиб, республикадаги энг юқори кўрсаткични қайд этди.

Naqd pul

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январ–июн ойларида мамлакат бўйича ўртача ойлик маош 5,9 млн сўмдан ошиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,2 фоизга кўтарилди.

Тошкент шаҳрида ўртача иш ҳақи 10,1 млн сўмни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 18,8 фоизга кўпдир. Бу кўрсаткич пойтахт аҳолисининг даромадлари мамлакат бўйича юқори эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Навоий вилоятида эса ўртача маош 7,4 млн сўм бўлиб, 13,4 фоизлик ўсиш қайд этилди. Учинчи ўриндаги Тошкент вилоятида ўртача иш ҳақи 5,6 млн сўмни ташкил этган ва 15,3 фоизга ошган.

Ҳудудлар кесимида иш ҳақи миқдоридаги фарқлар ҳудудий иқтисодий ривожланиш даражаси, соҳалар фаоллиги ва меҳнат бозори шароитлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.