24 июл куни Туркия марказий банки фоиз ставкасини 3 фоизлик пунктга тушириб, 43 фоиз даражасида белгилади. Бу қарор таҳлилчилар кўпроқ — улар 2,5 пункт атрофида пасайишни тахмин қилаётган эди. Марказий банкнинг изоҳига кўра, бу қарор инфляциядаги барқарор секинлашув ортидан қабул қилинди.
Turkstat маълумотларига кўра, июнь ойида инфляция даражаси 35,05 фоизни ташкил этди — бу 2021 йил кузидан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Май ойида ушбу кўрсаткич 35,4 фоиз бўлган. Йил охиригача инфляция 24 фоиз атрофида бўлиши кутиляпти. Эслатиб ўтамиз, 2024 йил май ойида инфляция 75,45 фоизга етиб, тарихий чўққига чиққан эди.
Шу билан бирга, асосий инфляция (озиқ-овқат ва энергия нархларисиз) ҳам пасаймоқда — май ойида 35,4 фоиз бўлган кўрсаткич июнда 34,6 фоизгача тушди. Бозор ва аҳоли инфляцион кутилмалари ўртасидаги фарқ сўнгги 6 йилда илк бор минимум даражага етди.
Шу билан бирга, қаттиқ пул-кредит сиёсати Туркия иқтисодиётига босим ўтказмоқда. 2025 йилнинг биринчи чорагида ЯИМ ўсиши 2 фоизни ташкил этди — бу 2020 йилдаги пандемия давридан бери энг паст кўрсаткич. Ишлаб чиқариш соҳасида бизнес фаоллиги индекси (PMI) июнь ойида 47 баллдан паст бўлиб, сўнгги бир йилдан бери рецессия ҳудудида турибди.
Марказий банкнинг кейинги йиғилишларида ҳам пул-кредит сиёсатини юмшатиш давом этиши мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, инфляция тушиб борар экан, ставкада яна пасайишлар кузатилиши эҳтимолдан холи эмас.