Уиткофф: «ҲАМАСнинг бу даражада ўз манфаатини ўйлаб иш тутгани — шармандалик»

16:40 | 6 дақиқада ўқилади.

Америка делегацияси Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича ҲАМАС билан ўтказган музокараларидан сўнг, Қатардан АҚШга қайтди. АҚШ президенти махсус ваикли Стив Уиткоффнинг ёзишича, ҲАМАС томонидан билдирилган сўнгги сулҳ таклифи Вашингтонни қониқтирмади.

Witkoff

Уиткоффнинг сўзларига кўра, бу таклиф «ҲАМАС Ғазода ўт очишни тўхтатишга тайёр эмаслигини кўрсатади».

Шунингдек, элчи Вашингтон энди гаровга олинганларни уйга қайтаришнинг бошқа йўлларини кўриб чиқмоқчи эканини ва Ғазо аҳолиси учун барқарорроқ вазият яратишга интилаётганини билдирди. Шу муносабат билан АҚШ музокаралар гуруҳи маслаҳатлашувлар учун Қатар пойтахти Доҳадан чақириб олинди.

«ҲАМАСнинг бу даражада ўз манфаатини ўйлаб иш тутгани — шармандалик. Биз бу можарони тўхтатиш ва Ғазода доимий тинчликка эришишга қатъий бел боғлаганмиз», — деди АҚШ президенти махсус вакили Стив Уиткофф.

Шу билан бирга, Исроил ҳам музокаралар гуруҳини маслаҳатлашувлар учун чақириб олди. Бироқ, CNNнинг исроиллик манбасига кўра, бу қарор музокараларнинг узилиши ёки инқирози белгиси эмас. Манбанинг айтишича, делегация фақат «музокараларнинг ҳозирги ҳолати юзасидан қарор қабул қилиш» учун қайтарилган.

 

АҚШ-Исроил-ҲАМАС музокаралари

2023 йил октябр ойида Ғазо секторида Исроил ва ҲАМАС ўртасида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин уруш ҳаракатлари авж олди. Бу можарода ўн минглаисроиллик ва фаластинлик ҳалок бўлди, минглаб одамлар гаровга олинди. Хусусан, 7-октабр куни ҲАМАС «Ақсо тўфони» номли кенг кўламли ҳужумни амалга оширди, шу билан Исроил жанубидаги киббутзлар (аҳоли масканлари) ва шаҳарлар устидан назоратни вақтинчалик йўқотди. Исроил эса ўз навбатида, қаттиқ ҳарбий жавоб қайтарди, Ғазода кўплаб фаластинликлар ҳалок бўлди.

Ушбу можаро бошланганидан сўнг, АҚШ, Қатар ва Миср воситачилигида Исроил ва ҲАМАС ўртасида бир неча бор сулҳга эришиш бўйича музокаралар олиб борилди. Булар, асосан, гаровга олинганларни озод қилиш, ўт очишни тўхтатиш ва Исроил қўшинларини Ғазодан босқичма-босқич чиқариш масалаларини қамраб олди. Аммо илк музокаралар кўплаб тўсиқларга учради, масалан, ҲАМАС жанговар ҳаракатларни тўхтатмай туриб, гаровдагилар рўйхатини беришдан бош тортди. Исроил эса уруш ҲАМАС йўқ қилингунича тўхтамаслигини билдирди.

2024 йил бошларидан бошлаб музокараларда енгиллашув сезила бошлади. ҲАМАСнинг Ғазо секторида сулҳ тузиш бўйича янги таклифлари Исроилдан ижобий жавоб олишига сабаб бўлди. Исроил разведка хизмати раҳбарининг Қатарга бориши, келишув учун ҳақиқий имкониятларнинг пайдо бўлиши ва уч босқичли таклифлар муҳокамаси бу жараённинг ривожланишидан далолат беради. Асосий келишмовчиликлар сулҳ давомийлиги ва ҲАМАСнинг Ғазо бошқарувидаги роли масаласида эди, аммо томонлар айрим мослашувчанлик намойиш эта бошлади.

2025 йил январь ойида АҚШ, Қатар ва Миср воситачилигида Исроил ва ҲАМАС ўртасида расмий сулҳ битими имзоланди. Унда Ғазода ўт очишни тўхтатиш, Исроилда гаровга олинганларни фаластинлик маҳбусларга алмаштириш кўзда тутилди. Бу сулҳ 460 кундан ортиқ давом этган урушни якунлаш юзасидан муҳим қадам бўлди. Битим Миср ва Қатар орқали олиб борилган музокаралар натижасида эришилди ва биринчи босқичда гаровдаги шахсларнинг озод қилиниши режалаштирилди, кейинги босқичларда эса Исроил Ғазодан қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқишни бошлаши маълум қилинди. Бироқ, Исроил ҳужумларнинг тўлиқ тўхтатилишини ҲАМАС «йўқ қилиниш»га боғлаган ҳолда, ўрта муддатли келишувга расмий ёзма кафолат бермаган.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.