Европа Украинага ёрдамни қисқартиради

25.07.2025 18:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Европа Иттифоқи Украинага 2025 йилда ажратилиши керак бўлган 4,5 миллиард евро миқдоридаги ёрдамнинг ҳаммасини бермайди.

Ukr europe

Украина ҳукумати июн ойида сўраган «Ukraine Facility» механизми доирасида 2025 йилда Украинага молиявий ёрдамнинг тўртинчи транши режалаштирилганидан камроқ миқдорда тақдим этилади, чунки Украина Европа Иттифоқига ваъда қилинган 16 та ислоҳотдан 3 тасини амалга оширмади. Бу ҳақда Европа комиссияси вакили Гиём Мерсе ўз шарҳида маълум қилди, деб ёзади Украина ОАВ.

«Тўртинчи транш маблағлар ҳажми бўйича ҳам, зарур ислоҳотлар сони бўйича ҳам энг йириги ҳисобланади. Агар барча кўрсаткичлар бажарилса ва 16 та ислоҳот амалга оширилса, Украина 4,5 миллиард евро олади», — деди Мерсе.

У қўшимча қилишича, Киев ушбу траншнинг бир қисмини тўлаш учун 2025 йил 6 июнда сўров юборган. Ўз сўровида Украина 16 та зарур ислоҳотдан 13 тасини бажарганини маълум қилди, қолган учтасини амалга ошириш эса ҳозирча давом этмоқда.

Комиссия 13 та ислоҳотни бажарилган деб баҳолаган ва Европа Иттифоқи Кенгашига Украинага «Ukraine Facility’» доирасида тўртинчи транш сифатида 3,05 миллиард евро миқдорида тўловни амалга оширишни таклиф этмоқда. Еврокомиссия вакилининг маълумотига кўра, бажарилмаган учта ислоҳотдан бири марказлаштиришни бекор қилиш, иккинчиси АРМА ислоҳоти тўғрисидаги қонун, учинчиси эса Олий коррупцияга қарши суд судьяларини танлаш билан боғлиқ.

Хабар қилинишича, Украина 2027 йилгача 50 миллиард евролик ёрдамни кўзда тутувчи «Ukraine Facility» дастури бўйича тўлиқ молиялаштиришни олиш учун барча зарур қонунларни қабул қилишга 12 ойгача муҳлат берилган.