Кеча, 24 июл куни ижтимоий тармоқларда давлат хизматчиларининг хизмат хонасида қучоқлашиб ўтиргани акс этган сурат тарқалди. Каттақўрғон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими вакилларининг бу ҳаракати Zoom платформаси орқали ўтказилаётган йиғилишида камераларга тушиб қолган.
Vaqt.uz манбасига кўра, тармоқларда сурати тарқалган ходимлар Каттақўрғон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи Абдураҳмон Алимов ҳамда бандлик бўлимида котиба вазифасида ишловчи аёл бўлган.
Нашр мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова билан боғланди. Алимова «қўлга тушганлар»нинг ҳокимлик вакили эканини тасдиқларкан, воқеа шу йилнинг 16 июл куни республикада бандлик масалалари бўйича ўтказилган селектор вақтида содир бўлганини билдирди.
«Абдураҳмон — ҳокимликда бўлим бошлиғи эди. У ўзини доим намунали ходим сифатида кўрсатган. Очиғи, ундан бундай ҳаракатни кутмагандим. Чунки, ҳар ҳафта ходимлар билан ўтказадиган йиғилишимда охирги масалам доим коррупция ва одоб-аҳлоқ бўлган. Ҳокимликда одоб-аҳлоқ масаласига жуда қаттиқ тураман. «Ўласан ҳамманг, бузилма, оилангга, бола-чақангга ўйла», дейман ходимларга. Мендан жуда қўрқишади.
Воқеани батафсил суриштирдим. Котиба яқинда бандлик бўлимига ярим штат бирлиги билан ишга келганди. Афсуски, бу иккисининг бошланган муносабати ҳақида ҳеч ким билмай қолган. Бу ҳолатни ҳокимликда барчамизни уятга қўйди. Кеча соғлиғим ҳам ёмонлашиб қолди. Шунингдек, кечанинг ўзида ҳар иккисини ишдан олдим. Ҳозир ҳокимликнинг катта-кичик барча ишчиларидан одоб-аҳлоқ масаласида кафолат хати олдиряпман. Мен уларга ўзимни мисол келтираман. Мен халқ, давлат хизмати учун жуда кўп нарсадан воз кечган аёлман. Киши раҳбарликка қўйиларкан, халқ, президент ишончи учун, қолаверса, шу халқ ҳисобидан қайнаб турган қора қозони учун кўп нарсадан кечади. У бошқаларга ҳар томонлама намуна кўрсатиши керак», — деди Гавҳар Алимова.
Ҳолат юзасидан бугун шунингдек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири матбуот котиби Гулноза Алимова ҳам расмий муносабат билдирди. Ўз муносабатида Алимова ҳам ҳокимлик вакилларининг ишдан олинганини билдирган.
«Вазирлик ўз тизимида хизмат интизоми ва одоб-ахлоқ қоидалари бузилишига нисбатан мутлақо муросасизлик принципига амал қилади», дейилади муносабатда.
Илёс Сафаров тайёрлади