Ғазо секторида кун сайин кучаяётган очарчилик шароитида Исроилнинг мерос ишлари бўйича вазири Амиҳай Элияҳу катта шов-шувга сабаб бўладиган баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, Исроил фаластинликларни озиқ-овқат билан таъминлаш мажбуриятига эга эмас ва мамлакат бу аҳолини тўлиқ депортация қилиши керак. Бу ҳақда у Kol Barama радиостанциясидаги чиқиши давомида маълум қилди.
«Британия нацистларни, АҚШ японларни, Россия украинларни боқмаган. Исроил ҳам ўз душманларини боқмаслиги керак», — деди у. Унинг сўзлари фақат ҳуманитар нуқтайи назардан эмас, балки сиёсий жиҳатдан ҳам жиддий танқидларга сабаб бўлди. Элияҳу, шунингдек, Ғазони ер юзидан ўчириш ва унинг аҳолисини бутунлай қувиб чиқариш мақсад қилинишини очиқ айтди.
Бу сўзлар Исроил ҳукумати томонидан расман изоҳланмаган бўлса-да, мамлакатнинг Вашингтондаги элчихонаси вазир сўзлари ҳукуматнинг расмий позициясини акс эттирмаслигини билдириб, Ғазога инсонпарварлик ёрдами мунтазам етказиб берилаётганини таъкидлади. Бироқ бу маълумотлар БМТ ва бошқа халқаро кузатувчиларнинг хабарларига зиддир. Март ойидан бери Исроил ҳеч қандай ёрдам юкларини Ғазога киритмаяпти, ҳар куни ўнлаб болалар очлик ёки ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлмоқда.
Фаластинликлар озиқ-овқатга эришиш учун ҳаракат қилганида Исроил армияси томонидан ўққа тутилаётгани ҳақида ҳам хабарлар бор. Мамлакатдаги мухолифат етакчиси Яир Лапид бу баёнотни қатъий қоралаб, уни Исроил учун ахлоқий шармандалик ва халқаро нуфузга катта зарба деб атади.