Трамп Исроилни ҲАМАСни йўқ қилишга чақирди: музокаралар барбод бўлди

26.07.2025 09:00 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилни Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларни янада кучайтириб, ҲАМАСни бутунлай йўқ қилишга чақирди. Бу чақириқ 25 июлдаги Бинямин Нетаняҳу билан телефон орқали суҳбатдан сўнг берилди.

Trum netanyahu

Трамп ҲАМАС тинчлик келишувига рози бўлмаганини айтиб, улар «ўлимга интилаётганини» ва вазият жуда кескинлашганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Исроил бу ташкилотдан халос бўлиши шарт ва тартиб ўрнатиши лозим.

Музокараларнинг бузилиши ортидан АҚШнинг махсус вакили Стив Уиткофф ҲАМАСнинг жавобини «тинчликка эришиш истаги йўқлиги» сифатида баҳолади. Унга кўра, Вашингтон энди гаровдаги фуқароларни қайтаришнинг муқобил йўлларини излашни бошлайди.

Axios хабарига кўра, Исроил аввал Қатар ва Миср воситачилигида таклиф этилган келишувни қабул қилган. Бироқ ҲАМАС шартларни ўзгартиришни таклиф қилган ва бу Исроил томонидан рад этилган. Бу орқали ўзаро музокаралар тўхтаб қолган.

Нетаняҳунинг таъкидлашича, Исроил АҚШ билан ҳамкорликда Фаластин экславидаги режимни бартараф этиш ва минтақада барқарор тинчликни таъминлашга интилмоқда. У барча гаровдаги фуқароларни озод этиш режасини амалга оширишини маълум қилди.

Исроил расмийлари ҳозирча аниқ режа мавжуд эмаслигини тан олди. Уларга кўра, музокараларни тўхтатиш орқали «кризис вазияти» яратиб, янги йўл топишга уринишлар давом эттирилади.