Андижондаги фабрика канални заҳарли сувлар билан ифлослантирди

14:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Булоқбоши туманидаги трикотаж-тикув фабрикаси оқова сувлари орқали катта Жанубий Фарғона каналини ифлослантирди. Сув таркибида нитрит ва нитрат тузлари, ишқор ва бўёқлар борлиги аниқланди.

Kanal

26 июл куни эрталаб Булоқбоши тумани, Ширмонбулоқ ҳудудидан оқиб ўтувчи каналда ноодатий кўпиклар пайдо бўлган. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди. Туман ҳокимлиги бу ҳақда маълумот бериб, дарҳол Санэпидқўм бўлими томонидан сув намуналари олиниб, таҳлилга юборилганини билдирди.

«Ўзгидромет» ҳамда Экология қўмитаси мутахассислари иштирокида ўтказилган лаборатория таҳлиллари натижасида сувнинг физик ва кимёвий таркиби ўзгаргани, унинг таркибида нитрит ва нитрат тузлари, ишқор ва бўёқлар борлиги тасдиқланди. Бу моддалар одамлар ва экотизим учун хавфли ҳисобланади.

Мутахассислар фабрика томонидан матоларни қайта ишлашда ишлатилган сувнинг каналга оқизилиши сабаб бўлганини аниқлашди. Бу эса сувнинг таркибида кескин ўзгаришларга олиб келди. Фабрика номи расман очиқланмаган.

Вилоят прокуратураси ҳолатни назоратга олган. Экология қўмитаси эса муаммони бартараф этганини маълум қилди.