Cobalt датчиги нега ҳаво ҳароратини иссиқ кўрсатади

13:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Одамлар орасида Cobalt автомобилида ҳаво ҳарорати 80 даражагача кўрсатилганда, ҳақиқатан ҳам шундай иссиқ деган тушунча шаклланган. Аммо бу кўрсаткич ишончли эмас — датчик 40 даражадан ошганда аниқликни йўқотади. Бу ҳақда иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов маълумот берди.

Cobalt

Абдулаҳатов YouTube’даги суҳбатида айтишича: «Cobalt автомобилидаги ҳарорат датчиги Ўзбекистон иқлимига мос эмас. У асосан Ғарб, Шарқ давлатлари, хусусан, Хитой ва Корея бозори учун ишлаб чиқилган бўлиб, бу ҳудудларда 40 даражадан юқори ҳарорат кузатилмайди. Шу сабаб датчик аслида шунчагача ишлашга мўлжалланган».

Мутaxассис фикрига кўра, датчик ҳарорат 40 даражадан ошиб кетганда «ўйнаб кетиши» табиий ҳол ҳисобланади. Бу ҳақда автомобилнинг техник йўриқномасида ҳам таъкидланган. Шунинг учун 50 ёки 80 даража каби кўрсаткичларга ишониш мумкин эмас.

Иқлимшунос 2020 йилда Урганч шаҳрида ўтказилган бир мисолни келтирди. Унда оқ ва қора рангли Cobalt машиналари ёнида жойлаштирилган ҳолда текширув ўтказилган. Шаҳар ҳарорати 41 даража бўлган пайтда, оқ машинада 48, қора машинада эса 56 даража деб кўрсатган. Бу бир жойда туриб турлича натижалар қайд этилишини тасдиқлайди.

Мутaxассислар ушбу датчик кўрсаткичларини фақат тахминий сифатида қабул қилишни ва ҳаво ҳақиқий ҳароратини аниқлаш учун бошқа манбалардан фойдаланишни тавсия қилишмоқда.