Эрдўған Макроннинг қарорини қўллаб-қувватлади

19:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Франция раҳбари Эммануэл Макрон билан телефон орқали мулоқотда унинг Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олиш қарорини олқишлади.

Erdogan makron

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Франция президенти Эммануэл Макрон билан телефон орқали суҳбатда Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олиш тўғрисидаги қарорни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Туркия президенти маъмурияти расман маълум қилди.

Маълумотга кўра, суҳбат давомида Эрдўған Макронни ушбу сиёсий қадам билан табриклаган. Улар шунингдек, Ғазо сектори ва бутун минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашган. Эрдўған Ғазодаги гуманитар шароит кескин ёмонлашганини қайд этиб, халқаро ҳамжамиятни бу муаммони зудлик билан ҳал қилиш чораларини кўришга чақирган.

«Исроил ва Фаластин ўртасидаги зиддият барҳам топиши керак. Минтақада барқарор ва адолатли тинчлик фақат икки давлат ечими орқали амалга ошиши мумкин», — деган Эрдўған суҳбатда.

Маълумки, 24 июл куни Макрон БМТ Бош Ассамблеясининг сентябрдаги сессиясида Франция расман Фаластинни давлат сифатида тан олишини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Туркия узоқ йиллардан бери Фаластинни тан олган ва икки давлат ечимини ҳал қилувчи йўл деб ҳисоблайди.