Лазер технологиялари илк бор 1960-йилларда АҚШ томонидан синовдан ўтказилган, бироқ уларнинг ҳарбий техникани йўқ қилиш учун зарур энергия қуввати — мегаваттлар даражасида етарли эмаслиги сабабли кенг қўлланилмаган. Аммо дронлар пайдо бўлиши билан бу тўсиқ бартараф этилди: лазерлар энди кичик ва ўрта ўлчамдаги пилотсиз парвоз қурилмаларини йўқ қилиш имконига эга.
Дунё бўйлаб қатор мамлакатлар — жумладан, Россия, Украина, Исроил ва Хитой — ўз лазер қуролларини синаб кўрмоқда ёки уларни ишлаб чиқмоқда. 2024 йил июн ойида Россия ҳукумати бир неча турдаги лазер тизимларини синовдан ўтказганини маълум қилди. Ушбу қурилмалар стационар ва мобил платформаларга жойлаштирилган бўлиб, кичик дронлардан тортиб йирик учувчисиз аппаратларгача уриб тушириши мумкин.
Украина ҳам «Тризуб» деб номланган ўз лазер қуролига эга эканини маълум қилган. Украин ҳарбийлари уни самолётларни уриш қобилиятига эга, деб баҳоламоқда. Шунингдек, Исроилда машҳур «Темир гумбаз» ҳаво ҳимоя тизими асосида «Темир нур» (Iron Beam) номли лазер қуроллари ишлаб чиқилмоқда. Хитой ҳам бу соҳада изланишлар олиб бормоқда.
Лазер қуролларининг асосий устунлиги — отишнинг арзонлиги. Мисол учун, британияликлар томонидан яратилган Dragonfire лазери ҳар бир отиш учун бир неча доллар сарфлайди. Бироқ ускунанинг ўзи 100 млн фунт-стерлинг туради. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги бу тизимни Украинага етказиш эҳтимоли борлигини билдирган.