Мўйноқдаги қудуқдан чиқаётган газ аҳоли турар жойларидан узоқда ва таркиби зарарсиз

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

27 июл куни ижтимоий тармоқларда Мўйноқдаги конда бурғилаш ишлари вақтида катта миқдорда газ отилиб чиққани, атрофдаги аҳолидан уйдан чиқмаслик сўралаётгани ҳақида хабар тарқалди. Энергетика вазирлиги ҳолат юзасидан изоҳ берди.

MuynoqФото: Kun.uz

26 июл куни Мўйноқ туманидаги «Учсой» овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 1-сонли қудуқда 4707 метр чуқурликда газ отилиб чиқди. Қудуқ 5000 метрга мўлжалланган бўлиб, бу ердаги илк бурғилаш ишлари олиб борилётган эди. Газнинг атмосферага чиқиши кучли босим туфайли рўй берган.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, мазкур қудуқ аҳоли яшаш ҳудудидан анча узоқда жойлашган ва ундан чиққан газ таркибида инсон саломатлигига зарарли моддалар, жумладан, олтингугурт йўқ. Бу – Устюрт минтақасидаги барча конларга хос хусусият саналади.

Ҳолат юзасидан барча тегишли ташкилотлар – «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзбекгеофизика» АЖ, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва маҳаллий ҳокимиятлар воқеа жойида фаолият олиб бормоқда. Газ назорат остида ёқиб юборилган, бу атроф-муҳитни ҳимоя қилиш мақсадида қилинган.

Энергетика вазирлиги ҳеч ким жароҳат олмаганини маълум қилди ва аҳолидан ваҳимага тушмасликни сўради. Воқеа юзасидан қўшимча маълумотлар берилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз 2024 йил 1 сентябр куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М25) конида авария рўй бериб, атмосферага водород сулфид гази тарқалган. 17 сентябр куни ушбу кондан яна олтингугурт гази чиқа бошлаши билан боғлиқ аварияда 4 киши ҳалок бўлган, 11 киши тан жароҳатлари билан шифохонага юборилган. 2025 йил 5 май куни кондаги 202-қудуқда таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг катта босим билан отилиши ва натижада фонтанланиш ҳолатининг қайталаниши кузатилган.