Россиянинг ҳарбий харажатлари СССРнинг сўнгги даврлари миқёсига яқинлашмоқда — немис иқтисодчиси

20:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Россиянинг умумий ҳарбий харажатлари мамлакат ЯИМининг 10 фоизигача етиши мумкин. Бу кўрсаткич СССР парчаланиши олдидан қайд этилган даражаларга яқин эканини айтмоқда немис иқтисодчиси Янис Клюге.

Putin vpk

Унинг таҳлили Германиянинг Frankfurter Allgemeine Zeitung нашрида эълон қилинди.

Клюге бу ҳисоб-китобларга фақат федерал бюджет харажатларини эмас, балки уруш билан боғлиқ равишда минтақавий бюджетлар, ижтимоий тизим ва Миллий фаровонлик жамғармаси орқали ажратилаётган маблағларни ҳам қўшган. Унинг баҳолашича, айни пайтда умумий ҳарбий харажатлар Россия ЯИМининг 8–10 фоизига тенг.

Таҳлилчи бундай кўрсаткичлар совет иттифоқи давридаги 10–20 фоиз атрофидаги ҳарбий харажатларга яқинлашиб бораётганини таъкидлади. Масалан, Стокҳолм тинчлик муаммоларини ўрганиш институти (SIPRI) 2024 йил якунида Россиянинг ҳарбий харажатларини ЯИМнинг 7,1 фоизи деб баҳолаган эди.

Шу билан бирга, Клюге СССРдан фарқли ўлароқ, Россия иқтисодиёти ҳозирча барқарорлигини йўқотмаганини айтади. Унинг сўзларига кўра, ҳатто ҳарбий харажатлар 15 фоизга етиб борса ҳам, мамлакат иқтисодий инқирозга юз тутмаслиги мумкин. Аммо бу ҳолатда оддий россияликларнинг даромади сезиларли даражада пасайиши аниқ, деб таъкидлади у.

Клюге бунга сабаб қилиб Россияда ҳали ҳам капиталистик бозор тизими сақланаётганини кўрсатди. Ҳукумат аралашувлари, жумладан, миллийлаштириш, божлар ва экспорт-импорт чекловлари ҳали иқтисодий тизимни бутунлай ўзгартирмаган, деб ҳисоблайди у.