Энергетика вазирлиги матбуот котиби маълум қилишича, 24 июл куни «Wind and Solarshine for Electricity Distribution Panels Manufacturing» МЧЖ ҳамда «China Energy International Group» ўртасида умумий қиймати катта бўлган учта стратегик келишув имзоланди. Улар «яшил» энергетикани кенгайтириш ва республика энергетика тизимини замонавийлаштиришни мақсад қилади.
Биринчи шартнома Бухоро вилоятининг Пешку туманида 500 МВт қувватли шамол электр станцияси қурилиши бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатишни назарда тутади. Лойиҳа минтақадаги энг йирикларидан бири бўлиб, юз минглаб аҳоли хонадонларини тоза энергия билан таъминлаши кутилмоқда.
Иккинчи шартнома Тошкент шаҳрида 100 МВт қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими лойиҳаси юзасидан маслаҳат хизматларини ўз ичига олади. Бу турдаги омбор тизимлари ортиқча энергияни сақлаш ва зарур пайтда электр тармоқларига узатиш имконини беради.
Учинчи келишув EPC форматида бўлиб, ушбу лойиҳалар бўйича қурилиш ишларини амалга оширишни назарда тутади.
Энергетика вазирлигига кўра, бу келишувлар Ўзбекистоннинг барқарор энергия сиёсати ва кам углеродли иқтисодиётга ўтиш бўйича миллий дастуридаги муҳим босқичлардан бири ҳисобланади.