Ҳокимлик маълумотига кўра, айрим қурувчилар зарур рухсатномалар, экспертиза хулосалари ва техник ҳужжатларсиз қурилиш ишларини бошлаган. Ушбу ҳолатлар кўпинча уй-жойларни ноқонуний равишда сотиш мақсадида амалга оширилган. Натижада айрим фуқаролар виждонсиз компаниялар туфайли молиявий йўқотишларга учраб, уй-жойсиз қолган.
Шу сабабли шаҳар ҳокимлиги назорат органлари билан ҳамкорликда 59 та ҳужжатсиз объектда қурилишни тўхтатди ва уларни электр тармоғидан узди. Қурилиш майдонларида мунтазам мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Аниқланган ҳар бир ҳолат юзасидан ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги аҳолини кўчмас мулк харид қилишда эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.
Хусусан:
фуқаролардан харид қилинаётган уй-жойга оид барча ҳужжатларнинг асл нусхаларини талаб қилиш,
уларни синчковлик билан ўрганиш,
пул маблағларини нақд ёки норасмий йўллар орқали тўламаслик,
шартнома мазмунини тўлиқ англаб имзолаш тавсия этилмоқда.
Агар қурилиш компанияси ёки объект қонунийлиги борасида шубҳалар туғилса, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий платформалари орқали мурожаат қилиш мумкин.