Трамп ўзининг Truth Social тармоғида маълум қилишича, у аввал Камбоджа Бош вазири Ҳун Манет билан гаплашган, кейин эса Таиландда вақтинча бош вазир вазифасини бажарувчи Пҳумтам Вечаячай билан мулоқот қилган. Унинг сўзларига кўра, ҳар икки давлат ҳозирги урушни тугатишга тайёрлигини билдирган. Шу сабабли, у отишмани тўхтатиш «табиий йўл» эканини таъкидлаган.
Трамп мазкур низони Ҳиндистон ва Покистон ўртасида 2025 йил апрел-май ойларида юз берган кескинликка қиёслади. Ўшанда ҳам АҚШ воситачилиги билан отишма тўхтатилганди. Трампга кўра, ҳар икки ҳолатда ҳам мамлакатлар ўзаро эскалацияни тўхтатишга тайёр бўлган.
Таъкидланишича, Таиланд ва Камбоджа чегарасидаги тортишув 23–24 июл кунлари отишмаларга айланди. Ҳар икки томон қурбонлар ва ярадорлар ҳақида маълум қилган. Бу зўравонликнинг авж олиши Таиланддаги сиёсий беқарорлик билан боғланмоқда: июл бошида бош вазир Пҳеттонгтан Чиннавот вазифасидан четлатилган ва унинг ўрнига Вечаячай келган.
Ҳудуд масаласидаги баҳслар аллақачондан буён давом этиб келади. Хусусан, UNESCO мероси деб эълон қилинган Преаҳ Виҳеар ибодатхонаси атрофидаги баҳс-хусумат узоқ йиллардан бери ҳал қилинмаган. 1962 йили Халқаро суд мажмуани Камбоджа ҳудуди деб топган бўлса-да, Таиланд бу қарорни тан олмаган.