Адлия вазирлигининг маълум қилинишича, 2025 йил 23 июл куни қабул қилинган мазкур фармон орқали ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор янгиликлар жорий этилади.
Фармонга кўра, ижро интизомини ташкил этиш ва уни назорат қилишда бир нечта асосий йўналишлар белгиланмоқда. Уларнинг энг муҳими — давлат раҳбарияти ҳужжатлари ижросини назорат қилишда самарали механизмларни жорий этиш ва бу жараёнга сунъий интеллект технологияларини татбиқ қилиш.
Ҳисоб палатасига янги ваколатлар берилади
Фармон билан Ҳисоб палатасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
- қонунлар, фармонлар ва қарорлар асосида ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ва самарадорлигини таҳлил қилиш;
- мансабдор шахсларнинг интизоми ва жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
- давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш орқали ижрони таъминлаш.
Бу вазифаларни бажариш учун 1 сентябрдан бошлаб Ҳисоб палатасига қўшимча 10 та штат бирлиги ажратилади. Улар Пенсия жамғармаси штатларидан қисқартириш ҳисобига таъминланади.
Малака ошириш тизими жорий қилинади
Энди давлат органлари ва ташкилотларидаги ижрога масъул таркибий бўлинмалар алоҳида тузилма сифатида биринчи раҳбарга бўйсунади. Мазкур бўлинмалар ходимлари учун мунтазам малака ошириш амалиёти йўлга қўйилади. Улар Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ва Адлия вазирлиги томонидан тузилган график асосида ҳар 3 йилда бир марта ўқитилади.
Бундан ташқари, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросининг ҳолатини тизимли баҳолаб бориш амалиёти ҳам жорий этилади.
Янги бошқарма ташкил этилади
Фармон асосида Адлия вазирлиги марказий аппаратида янги тузилма — Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат ҳужжатлари ижросини назорат қилиш бошқармаси ташкил этилади. Ушбу бошқарма 20 та штат бирлигидан иборат бўлиб, Президент ҳужжатлари ва ҳукумат топшириқлари ижросини бевосита назорат қилади.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.