2025 йилги статистик маълумотларга кўра, дунё бўйича энг кўп халқаро мигрантлар яшайдиган мамлакатлар орасида АҚШ мутлақ етакчилик қилмоқда. Ушбу кўрсаткичлар халқаро миграциянинг барқарор ва узлуксиз тус олган жараён эканлигини кўрсатади.
Иммигрантлар сони бўйича биринчи ўринни эгаллаб турган Америка Қўшма Штатларида ҳозирда 52,4 миллиондан ортиқ халқаро мигрант истиқомат қилади. Бу рақам АҚШни нафақат иқтисодий салоҳияти, балки ижтимоий имкониятлари, таълим тизими, иш ўринлари ва сиёсий барқарорлиги билан ҳам дунёнинг энг жозибали давлатига айлантирганини кўрсатади. АҚШ ҳукумати ҳам иммиграцияни меҳнат бозорининг муҳим омилларидан бири сифатида кўриб келмоқда.
Иккинчи ўринда жойлашган Германияда 16,8 миллион халқаро мигрант яшайди. Бу мамлакат айниқса 2015 йилдан сўнгги йирик миграцион тўлқинлар натижасида миллионлаб суриялик, афғонистонлик ва бошқа можароли ҳудудлардан келган кишиларни қабул қилди. Германия ҳукумати кўплаб интеграция дастурлари орқали мигрантларнинг жамиятга мослашувига ёрдам бермоқда.
Саудия Арабистони эса 13,7 миллион иммигрант билан учинчи ўринда турибди. Бу ерда асосий миграция сабаби — меҳнат. Хусусан, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва нефт саноати соҳаларида иш кучи етишмаслиги сабабли Осиё ва Африка давлатларидан миллионлаб ишчилар бу мамлакатга келган. Бироқ мутахассислар ушбу меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларда жиддий муаммолар мавжудлигини қайд этмоқда.
Кейинги ўринларда Буюк Британия (11,8 млн), Франция (9,2 млн), Испания (8,9 млн), Канада (8,8 млн), Бирлашган Араб Амирликлари (8,2 млн), Австралия (8,1 млн) ва Россия (7,6 млн) каби давлатлар жой олган.
Бу мамлакатлар ҳам ўзининг турли сабаблари — иқтисодий барқарорлик, таълим имкониятлари, хавфсизлик, ижтимоий тизимларнинг ривожланганлиги — туфайли мигрантлар учун жозибадор саналади.
Халқаро миграция бўйича экспертлар фикрича, ҳозирги глобал тартибда миграция жараёни икки асосий йўналишда давом этмоқда: бири юқори даромадли, ривожланган давлатларга йўналтирилган ихтиёрий миграция бўлса, иккинчиси — можаро, иқлим ўзгариши ёки иқтисодий инқирозлар сабабли юзага келган мажбурий миграциядир. Хусусан, Европа давлатларида интеграцион сиёсатнинг муваффақияти ёки муваффақиятсизлиги мамлакат ичидаги сиёсий муҳитга ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Жаҳон Банки ва Халқаро Миграция Ташкилоти маълумотларига кўра, миграция оқимлари нафақат меҳнат бозорларига таъсир қилмоқда, балки келиб чиққан мамлакатлар учун ҳам иқтисодий фойда келтирмоқда — асосан пул жўнатмалар (remittance) кўринишида.
2024 йилда дунё бўйича пул жўнатмалар ҳажми 860 млрд АҚШ долларига яқинлашган.
Умуман олганда, халқаро миграция XXI асрда глобал жараёнлар — урбанизация, демографик ўзгаришлар, технологик тараққиёт ва иқлим ўзгаришларининг ажралмас қисмига айланган. Экспертларнинг таъкидлашича, ушбу тенденция яқин келажакда ҳам давом этади ва халқаро ҳамжамият томонидан янада мувофиқлаштирилган ёндашувларни талаб қилади.
Миграция фақат муаммолар манбаи эмас, балки тўғри бошқарилганда иқтисодий ўсиш, демографик барқарорлик ва маданий бойликлар келтирадиган имконият ҳамдир. Халқаро Миграция Ташкилоти эксперти Мария Франконинг таъкидлашича: «Миграция – бу глобал муаммо эмас, балки тўғри бошқарилса, иқтисодий ўсиш ва маданий алмашув учун улкан имконият. Давлатлар муҳожирларни интеграциялаш орқали улардан ижобий фойда олиши мумкин». Шу нуқтайи назардан қараганда, миграция глобал барқарорлик ва тараққиёт учун ҳал қилувчи омиллардан бирига айланиб бормоқда.
Ўзбекистонлик муҳожирлар энг кўп қайси давлатларда энг кўп яшайди?
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда 6,2 миллион ўзбекистонлик хорижга чиққан — бу 2023 йилга нисбатан деярли 30 фоизга кўп. Уларнинг катта қисми даромад излаб хорижга борган.
Мазкур рақамлар ичида фақат меҳнат миграцияси билан боғлиқ сафарлар акс эттирилган бўлиб, қолганлари саёҳат, ўқиш ёки бошқа мақсадларга тегишли бўлиши мумкин.
2024 йилда меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга 15 миллиард долларга яқин пул юборган. Бу маблағ 2025 йилги давлат бюджети даромад қисмининг тахминан 42 фоизини (35,9 млрд доллар) ташкил қилади.
Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, агар бу пул ўтказмалари бўлмаганида, Ўзбекистонда қашшоқлик даражаси 9,6 фоиздан 16,8 фоизгача ошиб кетган бўларди.
2024 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистон фуқаролари учун энг оммабоп муҳожирлик манзиллари Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркия ва Европа давлатлари бўлиб қолмоқда. Меҳнат миграцияси ҳозирча оилалар бюджетининг асосий манбаларидан бири сифатида муҳим ижтимоий-иқтисодий рол ўйнамоқда.

Россия: Ҳозир ҳам энг кўп ўзбекистонлик муҳожирлар айнан Россияда ишлайди. Ўтган йилларда бу кўрсаткич анча юқори бўлган: масалан, 2016 йилгача 4-6 млнгача ўзбекистонлик Россияда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланган. Айни вақтда кўрсаткич 1 млнга ҳам етмайди. Сўнгги йилларда мамлакат ичида иқтисодий ислоҳотлар ва пандемия омиллари сабаб кўплаб ўзбекистонликлар Ватанга қайтмоқда.
Қозоғистон: Соддалашган миграция талаблари, яқинда рўйхатдан ўтмай 30 кунгача қолиш имконияти ва яқин географик жойлашув сабабли Қозоғистон ўзбекистонликлар учун муҳим муҳожирлик давлатга айланган. Иш ҳақи Россияга қараганда паст бўлса ҳам, айримлар учун виза ва йўл харажатлари арзонлиги туфайли Қозоғистонга бориш афзаллик беради.
Жанубий Корея: Бу давлатининг сўнгги йиллардаги расмий ишчилар квотаси ва мавсумий ишчилар дастурлари туфайли ўзбекистонликлар сони ошиб боряпти. Қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги ишларга талаб юқори. Расмий ишлаш учун бораётганларнинг айримлари меҳнат қонунчилиги ва виза тартибига қатъий амал қилиши талаб этилади.
Туркия: қардош давлат ҳам ўзбекистонликлар учун тез ортаётган йўналишдан бири. Аммо кўплаб муҳожирлар тил билмаслик ва расмий ҳужжатларни қилишдаги қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу ерда кўпинча ўзбекистонликлар хизмат кўрсатиш ва кичик бизнесларда ишлайди.
Европа: Сўнгги йилларда Европа Иттифоқи давлатларига кўчаётган ўзбекистонликлар сони сезиларли даражада кўпайди. 2023 йилда Европада вақтинча ишлаш учун рухсатномалар сони биргина йил ичида 31 минг 800 тага етди. Энг кўп меҳнат миграцияси Буюк Британия, Германия, Полша, Чехия ва Испанияга қаратилган.
Иқтисодчи ва бандлик бўйича мутахассислар фикрига кўра, меҳнат миграцияси қисқа муддатда иқтисодий фойда бераётганига қарамай, узоқ муддатда юқори малакали кадрларнинг четга чиқиши, оилаларнинг ажралиши, болаларнинг тарбиясига тасири, ижтимоий интеграция муаммолари каби қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Янги давлатларда тил ва ижтимоий муҳитга мослашиш, расмий ҳужжатлар билан боғлиқ қийинчиликлар, айрим ҳолларда дискриминация ва ҳуқуқсиз ишлаш ҳоллари энг муҳим муаммолар сифатида қайд этилади.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.