Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида ўтказилаётган тазбир 29 июл куни соат 09:30 да бошланади ва жонли эфирда намойиш этилади.
Мулоқот тадбиркорлик субъектлари фаолиятида кузатилаётган долзарб муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечимларини муҳокама қилиш ҳамда тармоқдаги тизимли камчиликларни бартараф этишга қаратилган. Шу орқали соҳадаги ишбилармонларга янада қулай шароит яратиш ва иқтисодий фаолликни рағбатлантириш кўзда тутилган.
Тадбирда Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман институти раҳбарияти, Президент ҳузуридаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзолари, шунингдек, соҳага дахлдор бир қатор масъул идоралар вакиллари иштирок этади.
Учрашув давомида тадбиркорлар тўғридан тўғри фикр билдириш, қонунчилик ва назорат амалиётидаги муаммоларни кўтариш, шунингдек, соҳавий ислоҳотларга доир таклифларини бериш имконига эга бўлади.
Президент ҳузуридаги очиқ мулоқотлар тизими доимий равишда ҳар хил соҳалардаги тадбиркорларнинг овозини эшитиш ва давлат-ташаббускор ҳамкорлигини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Фармацевтика ва тиббий жиҳозлар йўналишидаги бу галги мулоқот ҳам айнан шундай мақсадда ташкил этилмоқда.