Reuters маълумотига кўра, ҳарбий ҳаракатлар ҳар куни соат 10:00 дан 20:00 гача, Ал-Маваси, Деир ал-Балаҳ маркази ва Ғазо шимолидаги ҳудудларда тўхтатилади. Шунингдек, ҳар куни соат 06:00 дан 23:00 гача озиқ-овқат ва дори-дармон юклаган карвонлар учун хавфсиз йўлаклар очилади.
Исроил армияси маълум қилишича, инсонпарварлик ёрдами 100 дан ортиқ юк машинаси орқали, 25 тоннача ёрдам эса парашютлар орқали ҳаводан етказилган. БМТ ва халқаро ташкилотлар бу чораларни олқишлаб, янада кенгроқ ёрдамга эҳтиёж борлигини билдирмоқда.
БМТнинг гуманитар координатори Том Флетчернинг айтишича, бу бир қадам олдин, аммо очарчилик ва соғлиқ инқирозининг олдини олиш учун етарли эмас. Унга кўра, Исроил ёрдам ҳажмини оширишга рози бўлгач, баъзи чекловлар юмшатилган.
Шу билан бирга, БАА ва Иордания томонидан 25 тонна ёрдам ҳаво орқали туширилган. Аммо бу усул ер орқали етказишнинг самарадорлигини тўлиқ қоплай олмайди. Миср Қизил Ярим Ой жамияти 100 дан ортиқ юк машинасини Хон-Юнусга юборган, лекин уларнинг айримлари талон-торож қилингани айтилмоқда.
Фаластинликларга кўра, бу ёрдам инсонпарварлик инқирозини бартараф этишга етарли эмас. Соңги 24 соатда очлик сабаб 6 киши вафот этган, уруш бошлангандан буён бундай ҳолатлар сони 133 нафарга етган. Улардан 87 нафари болалар.
АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил келгусида қандай қадам қўйишини билмаслигини айтди. Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу эса ёрдам киришида давом этилишини, лекин уруш «тўлиқ ғалаба» билан тугаши кераклигини таъкидлади. ҲАМАС расмийси Али Барака эса бу ҳаракатларни инсонпарварлик эмас, балки ҳарбий ҳаракатлар деб баҳолади.